Олий Мажлис юқори палатасининг ўн учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг ташаббуслари билан сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилиб келинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг кафолатларини таъминлаш мақсадида Конституция билан бир қаторда бошқа қонунлар қабул қилинган.
Маълумки, сўз ҳамда фикрлаш эркинлигини қонуний асосда кафолатлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Бироқ сўнгги вақтларда айрим веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш маданияти тўлиқ шаклланмагани сабабли, ушбу шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишларида бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Қолаверса, бундай шахсларнинг ахборот тарқатиш соҳасидаги ҳуқуқий маданияти шаклланмаганлиги келажакда улар томонидан қонун талабларини бузиб, ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан мамлакатнинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, диний экстремизм ғояларини тарғиб қилиш, давлат ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ҳамда оммавий тартибсизликларга даъват этувчи контентни тарқатиш эҳтимолини оширмоқда.
Шу сабабли барча қатори ахборот эгаларининг ҳам сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ.
Қайд этилганидек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонуннинг мақсади этиб веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан, блогерларнинг оммавий тартибсизликлар ва зўравонликни даъват этиш, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш мақсадида ахборотни тарқатишларига қарши ва уларнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормаларини киритиш белгиланган.
Қонун қабул қилиниши натижасида оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват этиш, фуқароларни қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ёки уларни бузишга омма олдида, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали даъват қилиш, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатишни бартараф этиш ва унинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Қонунда жамият, давлат, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш, порнографияни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўзини ўзи ўлдиришга тарғиб қилиш сингари қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бу турдаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш, веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогерлар ўзлари тарқатаётган контентлари устидан доимий мониторинг олиб боришлари ва қонун билан белгиланган талабларга қатъий риоя этишлари назарда тутилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга соладиган махсус қонунларнинг қабул қилиниши, ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит тизимини яратади, соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий аниқлигини таъминлайди ҳамда оммавий ахборот воситаларининг амалда эркинлигини кафолатлашга хизмат қилади. Бу эса барча томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб, кейинчалик ўз ҳуқуқларини суд тартибида таъминланишига имкон беради.
Бундан ташқари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий ҳаётни демократлаштириш жараёнлари миллий ахборот қонунчилигини либераллаштириш масалаларини, қисман ахборотни тарқатиш жараёнлари доирасида қатор ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишига юридик жавобгарлик чораларининг сусайиши, ўз ўрнида, фуқаролик жамияти субъектларининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишига, шунингдек, долзарб, ишончли ва жамият учун муҳим бўлган ахборотни эркин тарқатишга замин яратади.
Қонун сенаторлар томонидан томонидан маъқулланди.






