Давлат грантлари ажратиш учун танловлар эълон қилинди

ЖАМИЯТ 17.02.2016, 17:13
Давлат грантлари ажратиш учун танловлар эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ННТлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларига Давлат грантлари ажратиш учун ҳужжатлар қабул қилиниши бошланганлигини эълон қилади.

Биринчи танлов «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига ННТларни кенг жалб қилиш» мавзуида ўтказилади.

Унда қуйидаги йўналишларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қабул қилинади:

  • Оила ва жамиятда аёлларнинг роли ва мавқеини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, бандлигини таъминлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларида аёллар фаолиятини муносиб рағбатлантириш, аёлларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда кундалик уй меҳнатини енгиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
  • Қиз болаларнинг–бўлажак оналарнинг замонавий билимлар ва касбларни эгаллашларини таъминлашга қаратилган ишларни кучайтириш, уларда ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш, келажакда соғлом ва мустаҳкам оила қуришнинг асосий шарти сифатида қатъий ҳаётий позицияни ва мустақил фикрлашни шакллантириш.
  • Мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳ тузишдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини, шунингдек эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги ахборотни аҳолининг кенг қатламлари онгига етказиш.
  • Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш, уларнинг овқатланиш рационининг сифати ва калориялилигини  таъминлаш масалалари юзасидан кенг ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш.
  • Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган амалий тадбирларни амалга ошириш.
  • Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оилаларда соғлом маънавий муҳитни, хусусан, эр-хотин, ота-оналар ва фарзандлар, қайнона ва келин ўртасида, қўшнилар ўртасида ўзаро ҳурмат-эҳтиром, эзгулик ва меҳр-муҳаббат муҳитини яратишга кўмаклашиш.
  • Жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш, азалий миллий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятда юксак аҳлоқ муҳитини қарор топтиришда оиланинг ролини кучайтириш.
  • Оила, оналик ва болалик муҳофазаси соҳасидаги қонун ҳужжатларигариоя қилиш, шунингдек «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.

Иккинчи танлов 

«ОАВларнинг ижтимоий-иқтисодий дастурлар амалга оширилишининг боришини ёритишга, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш» мавзуида ўтказилиб, унга қуйидаги йўналишларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қабул қилинади: 

  • «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг амалга оширилишининг бориши ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза этиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом фарзандни тарбиялашдаги ролини ошириш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятини очиб берадиган аниқ мисолларга асосланган махсус телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар, мақолалар, репортажлар тайёрлаш.
  • Ижтимоий аҳамиятга молик давлат дастурларини, жумладан, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурини, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда ННТлар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини ёритиш.
  • 2011, 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган, давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришга қаратилган тузатишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш.
  • Давлат органлари томонидан қабул қилинаётган, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларига дахлдор қарорлардан аҳолининг, фуқаролик жамияти институтларининг хабардорлигини ва кенг фойдаланишини таъминлаш.
  • «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши, оила, оналик ва болалик муҳофазаси соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.
  • Фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, жамоат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакат аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш борасида жойлардаги давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши ОАВда кенг ёритилишини таъминлаш.
  • Жамиятда юксак маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлашда маҳалла институтининг роли ва аҳамияти ҳақида аҳолини кенг хабардор қилиш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда намунали маҳаллаларнинг иш тажрибасини оммалаштириш.
  • Ҳудудий ОАВларда мамлакатни ижтимоий-сиёсий ҳамда социал-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий масалалари бўйича сиёсий партияларнинг нуқтаи назарини очиб берадиган, парламентдаги сиёсий партиялар фракцияларининг, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг фаолияти ҳақида хабардор этадиган таҳлилий материаллар тайёрлаш.
  • «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги ҳамда «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, жойларда ушбу қонунлар нормалари амалга оширилишининг бориши, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш.

Давлат гранти ажратилиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

  • ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтининг раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати.
  • Давлат гранти лойиҳаси учун www.fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган ариза.
  • Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтказилган Устав (Низом) нусхаси.
  • Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси.
  • Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса лицензиянинг нусхаси.
  • Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсияномалари, илтимосномалари илова қилиниши мумкин.

Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант суммаси миқдори – 25 млн.сўмгача.

Ҳужжатлар 2016 йил 10 февралдан 10 мартгача қабул қилинади. 

Ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди» номига «Ўзбекистон почтаси» орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035,Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй.

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва ҳужжатлар намуналари билан Жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-64

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1