Бугун, 15 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган шахслардан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби бекор қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссиянинг қарорига асосланиб, Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Шу билан бирга, қуйидагича янги тартиб жорий қилинмоқда:
- ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистон Республикасига келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;
- автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахслар томонидан сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади. Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.
2021 йилнинг 25 мартдан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёхуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви ўтказмасдан киритилади.
Мутасадди ташкилотлар томонидан чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар – яʼни Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган лабораториялар рўйхати (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантирилади ва эълон қилинади.