Бош прокурор назорати остида уч кунда, Фарғонада 34 та илгари очилмаган жиноятлар фош этилди, қидирувдаги 14 нафар шахс ушланди, бедарак йўқолганлар оиласи бағрига қайтарилди. Бу ҳақда Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Хаёт Шамсутдинов "Даракчи.уз"га хабар килди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев айни кунларда Фарғонанинг шаҳар ва туманларида бўлиб, криминоген вазиятни бевосита ўрганмоқда, масъул тузилмалар мутасаддиларини жалб этган ҳолда ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни келтириб чиқараётган омиллар, сабаб ва шароитларни таҳлил қилмоқда.
Фарғона вилоятида жиноятларни фош этиш ва жиноятчиларни ижтимоий хавфли қилмишларни содир этишдан қайтариш мақсадида савдо шаҳобчалари, кўча ва майдонларга 350 дан зиёд кузатув камералари ўрнатилди.
Маълумки, кейинги статистик маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида содир этилган тан жароҳати етказиш билан боғлиқ бўлган жиноятларнинг 35 фоизи ўткир кесувчи жисмлардан фойдаланиб содир этилган. Шу боис, ҳудудда “Тиғ” тадбирлари ўтказилиб, фуқаролардан 800 дан ортиқ ўткир кесувчи жисмлар олиб қўйилди, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Жиноятчиликка қарши самарали кураш кўп жиҳатдан муқаддам судланганлар билан профилактик тадбирларни ўтказиб боришга ҳам боғлиқ. Бинобарин, шундай тадбирлар доирасида илгари судланган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил қарийб 20 нафар шахс маъмурий назоратга олинди, тузалиш йўлига кирмаган 2 нафар назоратдаги шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Суд ишларининг таъсирчанлигини ошириш, одамларда жиноят учун жазо муқаррарлиги ҳақида қатъий ишонч уйғотиш мақсадида 40 дан зиёд сайёр суд мажлислари ўтказилди.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятида энг кўп жиноят содир этилганлиги қайд этилган 252 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 4 та сектор раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда Миллий гвардия органлари бошлиқлари шахсан бириктирилди.
Бош прокурор томонидан маҳаллаларда ўтказилаётган ўрганиш ва таҳлиллар натижалари профилактика инспекторлари, маҳалла раислари, сектор раҳбарлари, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокида таъсирчан тарзда муҳокама этиб борилмоқда, жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган чоралар жойида белгилаб берилмоқда.