1

“Вақтинчалик прописка” очилгани ростми?

ЖАМИЯТ 19.02.2016, 12:37
“Вақтинчалик прописка” очилгани ростми?

2015 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида вилоятдан келган фуқароларни вақтинчалик прописка қилиш тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилаётганлиги сабаб бир муддат тўхтатиб қўйилган эди. Тошкент шаҳрига вилоятлардан келиб ишлаётган фуқаролар ўртасида февраль ойидан бошлаб “вақтинчалик прописка” яна очилгани ва туман паспорт столларида қўйиб берилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. 

Тafsilot.uz сайти Ягона портал орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазирига ушбу масала юзасидан бир нечта саволлар билан мурожаат қилди. Мурожаатга ИИВнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Бадридин Шорихсиев имзоси билан жавоб олинди.

Жавоб хатида қайд этилишича, чиндан ҳам Ички ишлар вазирлигининг “Фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги меъёрий ҳужжатларга қўшимча ўзгартириш киритилиши муносабати билан 2015 йилнинг 25 октябрь кунидан буён фуқароларни турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиш вақтинчалик тўхтатилган. Бироқ бугунги кунга келиб “вақтинчалик прописка” очилган ва фуқароларни доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича 5 кунда 6 ойгача муддатга шаҳар, туман ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим (бўлинма)лари (халқ тилида “паспорт столи” деб аталувчи идора) томонидан амалга оширилмоқда.

“Вақтинчалик прописка”, яъни фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

1) ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза;

2) Фуқаронинг паспорти ёки ҳарбий хизматчининг гувоҳномаси;

3) Фуқаро яқин қариндошларини (ота-ота фарзандларини, фарзандлар ота-онасини, эр хотинини, хотин эрини) вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, мулк эгасининг нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати);

4) Агар бегона шахслар вақтинчалик рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси;

5) Уй эгасининг паспорти нусхаси;

6) Уйнинг кадастр ҳужжатлари;

7) Уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, Давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо);

8) Агар эр хотинининг, хотин эрининг уйига вақтинча рўйхатга қўйилаётган бўлса, никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси (шунингдек, ушбу ҳужжатнинг асли ҳам кўрсатилади);

9) Болаларни рўйхатга қўйиш учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларининг нусхалари (шунингдек, уларнинг асли ҳам кўрсатилади) ҳамда 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат. Вояга етмаганлар фақатгина ота-оналари билан бирга прописка қилинади;

10) Давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция (Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонлиқарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларини рўйхатдан ўтказганлик ва чиқарганлик учун, шунингдек турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш учун энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Айни пайтда бу бир киши учун 2604 сўм 80 тийинни ташкил этади);

11) Алоҳида ҳолларда зарурат туғилса бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин.

Расман “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби” деб юритиладиган, оддий халқ “вақтинчалик прописка” деб атайдиган ҳужжат республикамизнинг бошқа ҳудудидан келиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаётган ёки ўқиётган юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.

Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига кўра, фуқаролар пойтахт шаҳри ва вилоятида ҳисобга туриш учун келган кунидан бошлаб беш кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги милиция таянч пунктига белгиланган тартибда мурожаат этиши керак. Бу талабнинг бажарилмаслиги маъмурий жавобгарликка тортилиш учун асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Паспорт тизими қоидаларини бузиш” деб номланувчи 223-моддасида белгиланишича, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда;  паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, шунингдек, фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши — энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1