АсосийJamiyat

Жамият учун яна бир жиддий сигнал!

'Жамият учун яна бир жиддий сигнал!'ning rasmi

Аҳолининг истеъмол кайфияти фош этган ҳақиқатлар...

Аҳолининг истеъмол кайфияти қандай? Харид қобилияти-чи? Даромади кундалик эҳтиёжларини қондиришга кифоя қиляптими? Шу каби саволлар бугун кўпчиликни қизиқтираётгани табиий. Чунки коронавирус пандемияси ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизни алғов-далғов қилиб юборди. Буни ўз турмушида ҳис қилмаган юртдошимиз деярли бўлмаса керак.

Дарҳақиқат, ўтган йили иқтисодий ҳолатнинг ёмонлашуви одамларнинг ҳаёт даражасига жиддий таъсир кўрсатди. Таҳлил­ларга қараганда, аҳоли даромади йил давомида камайиши кузатилиб, бу ҳол, айниқса, кам даромадлиларга ўзининг салбий таъсирини яққол кўрсатди. Ушбу жиҳатлар Марказий банк томонидан эълон қилинган Аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳида ҳам ўз тасдиғини топди.   

Иқтисодий барометр

Кўплаб давлатларда пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий жараёнларни доимий равишда кузатиб, тегишли чоралар кўриш учун мувофиқлаштириш механизмларини ишлаб чиқилмоқда. Масалан, Aвстрия­да Иқтисодиёт ва рақамлаштириш вазирлиги томонидан “COVID-19”нинг иқтисодиётга таъсирини кузатувчи ишчи гуруҳи тузилган бўлса, Данияда ҳукумат бизнес сектори билан ҳамкорликда мавжуд муам­моларни ҳал қилишга қаратилган аниқ ва мақсадли чора-тадбирларни муҳокама қилиш ваколатига эга бўлган "Ҳукумат ва бизнес ҳамкорлик гуруҳи" тузилди. Францияда давлат тараққиёт банклари билан ҳамкорликда корхоналарни қўллаб-қувватлаш чораларини фаоллаштириш бўйича Минтақавий мақсадли гуруҳлар тузилган.

Юртимизда эса Марказий банк томонидан аҳолининг даромад ва харажатлари таркиби, уларнинг истеъмол ва жамғариш кайфияти, кредитга бўлган талаби, шунингдек, инфляциянинг одамлар турмушига таъсирини ўрганиш бўйича сўровлар ўтказилди. Республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган ушбу таҳлил асосида аҳолининг ИСТЕЪМОЛ КАЙФИЯТИ ўрганилди. Шу ўринда қулоғимизга айтарли чалинмаган “истеъмол кайфияти” ўзи нима, деган савол туғилиши, табиий. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, у истеъмолчилар кайфияти индекси орқали аниқланадиган, таъбир жоиз бўлса, иқтисодий барометрдир. Негаки, сўровлар орқали истеъмолчиларнинг тахминлари ҳамда аҳолининг иқтисодий кайфиятини аниқлаш, шу асосда иқтисодий ривожланиш тенденциясини прогноз қилиш мумкин. Шу маънода, ўзбекис­тонлик истеъмолчиларнинг ишонч кўрсаткичи қандай? Ижобийми ёки салбий? 

Индекс кўрсаткичи -100 дан +100 оралиғида бўлиб, агар кўрсаткич +100 га яқинлашса — ижобийликни, -100 га қараб кетса — салбийликни ифода этади. 2020 йил якунлари ва келгуси 12 ой учун юртдошларимизнинг истеъмол кайфияти индекси 24,2 га тенг бўлдики, бу ижобий ҳолатдир. Индекс таркибида харажатлар ўсишининг кутилмаси энг юқори — 45,7 ни ташкил этиб, даромадлар ўсиши 26,5, кредитлар миқдори ортиши 28,4 га етиши кутилмоқда. Бундан англаш мумкинки, аҳолининг сарф-харажатга мойиллиги юқори бўлиб, ўз навбатида, олинадиган даромадлар бўйича ижобий ўзгаришлар бўлиши, кредитларга талаб ортиши мумкин. 

Оилаларнинг ўртача даромади

Аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳи оилаларнинг ўртача даромади ҳақида реал тасавур ҳосил қилиш имконини берди. Шунга таяниб, айтиш мумкинки, бугунги кунда аксарият оилалар даромади 3 миллион сўм атрофида. Сабаби, сўровда иштирок этганларнинг 46,3 фоизи оилавий даромадлари 3 миллион сўмгача эканлигини маълум қилишган. Респондентлардан 26,3 фоизи оилавий даромади 3-5 миллион сўм, 13,2 фоизи 5-7 миллион сўм, 7,3 фоизи 7-10 миллион сўм эканлигини билдиришган. Қолган атиги 6,8 оилалар даромади 10 миллион сўмдан ортиқ экан. 

Аҳоли даромадига ҳамоҳанг равишда энг кўп истеъмол қилинадиган товарлар саватчасида ҳам ўзгариш кузатилган. Хусусан, оилавий даромади паст бўлган қатлам харажатларининг салмоқли қисмини озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил қилган. Ўтган йили озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бошқа товарларга нисбатан кўпроқ қимматлашгани (йиллик ўсиш 15,2 фоизга тенг бўлди) туфайли инфляция таъсири кам даромадли қатламга яққол сезилди. 

Бинобарин, сўров иштирокчиларининг 70 фоизи 2020 йилда даромадлари кескин камайганини, фақатгина 15 фоизи даромади ошгани аён бўлган. Экспертларнинг фикрича, ҳозирги пандемия каби инқироз­ли ҳолатлар аҳолининг юқори ва кам даромадли қатламлари ўртасидаги тафовут ортиб кетишига олиб келиши мумкин. Бироқ келгусида даромадлар ўзгаришида ижобий иқтисодий кутилмалар пайдо бўлаётгани, одамлар кайфияти оптимистик томонга оғаётгани эътиборга молик жиҳатдир. 

Жамғармангиз қанча муддатга етади?

Эътироф этиш керак, халқимиз тежамкор. Кам харж қилиб, эртанги кун ғами билан яшайди. Наинки ўзининг, балки болаларининг келажаги учун қайғуриб, жамғарма йиғишга ҳаракат қилади. Айниқса, глобал инқироз даврида харид борасида етти ўлчаб, бир кесадиган бўлишди. Аммо сўровда кўплаб оилалар жағармага эга эмаслиги ойдинлашди. 

Гап шундаки, респондентларнинг 37,4 фоизи даромад манбаларида узилиш бўлса ёки ишдан бўшаган тақдирда яшаш учун захира манбалари йўқлигини айтган. Атиги 8,3 фоизи олти ойдан ортиқ, 9 фоизи уч ойдан олти ойгача, 21,7 фоизи бир ойдан уч ойгача, 23,6 фоизи бир ой яшашга етгулик жамғармаси борлигини айтишган. БУ — ЖАМИЯТ УЧУН ЖИДДИЙ СИГНАЛ!

Одамга умид бағишлайдигани жиҳат шуки, келгуси 12 ойда аҳолининг даромадлари ошиши кутилмоқда. Аниқроғи, респондентларнинг 65 фоизи даромади кўпайишини маълум қилган. Даромади ўзгаришсиз қолиши ёки камайиши кутилаётганлар улуши сўровда қатнашганларнинг 20 фоизини ташкил этган. 

Агар ўтган йили аҳоли ишлаб топган маблағининг асосий қисми даволаниш, уй-жойни таъмирлаш, таълим ва бошқа мақсадлар учун сарфланган бўлса, келгуси ойларда улар ўрнини узоқ муддатли катта харидлар ташкил этади. Масалан,  кўпчилик уй-жой, автомобиль, мебель сотиб олишлари мумкин. Шунингдек, тураржойларни таъмирлаш, таълимга йўналтирилаётган маблағлар миқдори кўпайиши, туризмдаги чекловлар бекор қилиниши туфайли эса аҳолининг сайру саёҳат режалари қайта тикланиши эҳтимоли юқори.   

Буларнинг бари истеъмолчилар ўртасида ўтказилган сўровлар натижасида қилинган прогнозлар, холос. Аммо аҳолининг истеъмол кайфияти ва индекси миллий даражадаги иқтисодий мулоқотнинг энг муҳим қисмига айланганки, шунинг учун экспертлар аҳолининг фикрлари аниқ ва ҳар томонлама реал ҳолатга мос келади, деб баҳолайди. Шунинг учун биз ҳам яхши ният билан аҳолининг истеъмол кайфияти кўтаринки ва ижобий бўлишига, харид қобилияти ортишига умид қилиб қоламиз.

    Бошқа янгиликлар