Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бизнес-омбудсман матбуот котиби Абдували Абдумавлонов маълум қилди.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида 23 та назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 15 596 та текширув ўтказилган бўлиб, шундан 48 таси (0,3 фоизи) Бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда, қолган 15 548 таси (99,7 фоизи) уни хабардор этган ҳолда ўтказилган.
Назорат қилувчи органларнинг келишиш учун киритилган жами 225 та буюртмаларидан 48 таси (21,3 фоизи) келишилган ва қолган 207 таси (78,7 фоизи) текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли рад этилган.
️Тадбиркорлар фаолиятида 2021 йил январь-февраль ойида амалга оширилган текширувлар сони 2020 йилнинг шу даври билан солиштирилганида 5 баробарга кўпайгани кузатилмоқда
Маълумот учун: 2020 йил январь-февраль ойида тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган жами текширувлар сони 3 024 тани ташкил қилган бўлса, жорий йил ушбу кўрсаткич 15 596 тага етди.
Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширувларини ўтказишнинг қонунийлиги мониторинги амалга оширилиб, мониторинг доирасида 14 та назорат қилувчи органлар томонидан 976 та ноқонуний текширувлар ўтказилгани, 9 та назорат органи томонидан 4 984 та ҳолатда текшириш тартиби бузилганлиги аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича назорат органларининг 166 нафар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди ва уларнинг раҳбарларига қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 11 та тақдимномалар киритилган.
Натижада, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган назорат органларининг мансабдор шахсларига судлар томонидан маъмурий жазолар тайинланган, ҳамда тартиббузарликларга йўл қўйган ходимларга назорат органлари раҳбарлари томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Тадбиркорлар фаолиятидаги текширувларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Бизнес-омбудсман томонидан телеграм мессенджерида интерактив бот — @tekshiruvinfo_bot яратилган. Ушбу бот орқали тадбиркорлар ўзларида ўтказилиши режалаштирилган текширувлар тўғрисидаги маълумотларни эркин олиш имкониятига эгадирлар.






