Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлигига айлантирилди. Бу ҳақдаги фармон 22 февраль куни Ислом Каримов томонидан имзоланди. Бу ҳақда “Uz24.uz” хабар бермоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфидаги «Мурувват» ва «Саховат» уйлари, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ҳудудий ногиронлар реабилитация марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санатория ва пансионатлар, Тошкент ва Фарғонадаги имконияти чекланган шахслар учун республика ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, пойтахтдаги 2-сонли ҳуқуқшунослик коллежи Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилади.
Бундан буён ногиронлар, уруш қатнашчилари, фахрийлар, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий кўмак кўрсатиш бўйича, шунингдек, имконияти чекланган шахсларга касбий таълим беришни ташкил қилиш ва инклюзив касбий таълим бўйича вазифалар Соғлиқни сақлаш вазирлигига юкланади. Эҳтиёжманд оила ҳамда фуқароларга ижтимоий нафақа ва моддий кўмак белгилаш, тўлаш устидан назорат бўйича вазифалар эса Молия вазирлигига топширилади.
Меҳнат вазирлиги фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари аҳоли бандлиги даражасини чуқур таҳлил қилиш, бандликни таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишни мониторинг қилишдан иборат бўлади.





