АсосийJamiyat

Дубай компанияси Навоий вилоятида қуёш фотоэлектр станция қуради

'Дубай компанияси Навоий вилоятида қуёш фотоэлектр станция қуради'ning rasmi

Энергетика вазирлиги ва “Phanes Group” халқаро компанияси ўртасида Навоий вилояти Нурота тумани ҳудудида қуёш электр станцияси (ҚЭС) қуриш тўғрисида инвестиция шартномаси имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Шунингдек, маросим давомида “Phanes Group” ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим имзоланди.

“Phanes Group” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ҚЭС (IA) ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (PPA) 200 МВт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш, эгалик қилиш ва эксплуатация қилиш учун техник ва тижорий шартларни, шунингдек, 60 км узунликдаги 220/110 кВ нимстанцияни ўз ичига олади.

Маълумот учун, “Phanes Group” бош офиси БААнинг Дубай шаҳрида жойлашган бўлиб, у қуёш энергияси, шунингдек, инвестиция ва активларни бошқариш соҳасида лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан шуғулланувчи халқаро компания ҳисобланади. “Phanes Group” 2012 йилда ташкил этилган. Компания молиявий ва муҳандислик тажрибасини бирлаштирадиган кенг қамровли ёндашувни амалга оширади. Бунинг натижасида, компания қуёш энергияси соҳасида тўлиқ тайёр ечимларни таклиф қилади.

“Биз бугунги келишувда Ўзбекистон ҳукумати ва “Phanes Group” халқаро компанияси ўртасидаги электр энергиясини сотиб олиш ва инвестиция шартномалари тўғрисидаги битимларни қабул қиламиз. Мамлакатимиз углерод чиқиндиларини камайтириш ва энергия балансимизда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш стратегиясига қатъий амал қилади. Қуёш энергияси бу стратегиянинг муҳим қисми ҳисобланиб, “Phanes Group” компанияси ушбу лойиҳанинг муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшади”, – деди Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев.

“Phanes Group” қуёш энергияси соҳасида сармоялар портфелига эга ва унинг географияси кўплаб мамлакатларни қамраб олади. Компания ривожланаётган бозорларга, айниқса Африка, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар