1

2015 йилда 36 жиноий иш бўйича суд қарори бекор қилиниб, 55 нафар тадбиркор жавобгарликдан озод этилди

ЖАМИЯТ 24.02.2016, 15:56
2015 йилда 36 жиноий иш бўйича суд қарори бекор қилиниб, 55 нафар тадбиркор жавобгарликдан озод этилди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Тадбиркорлар ҳуқуқлари  суд ҳимоясида” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ташкил этилган тадбирда суд ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда 2015 йилда умумий юрисдикция судлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ ҳамда хўжалик юритувчи субьектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини поймол қилиш каби ҳаракатлар учун жиноий ва маъмурий ишлар кўриб чиқилгани қайд этилди. 

Натижада 3 нафар шахсга нисбатан жиноий ва 128 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-моддасининг янги таҳририга мувофиқ судлар томонидан 2015 йилда 12 жиноий иш бўйича суд қарори бекор қилиниб, 22 нафар тадбиркорлик субъекти вакили жиноий жавобгарликдан озод этилган. Жиноят кодекси 189-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари декриминализация қилиниб, судлар томонидан 22 жиноят иши суд қарорига асосан бекор қилиниб, 33 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган. 

Бу борадаги суд амалиёти самарадорлиги ошишида, ушбу йўналишдаги мурожаатларнинг тўғри ҳал қилинишини таъминлашда Олий суд ва Олий хўжалик суди пленумларининг “Ишларнинг тааллуқлилиги билан боғлиқ процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қўшма қарори муҳим ўрин тутмоқда. 

Тадбирда тизимда тадбиркорлар манфаатини таъминлаш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда соҳага оид қонунлар тарғиботи доимо эътиборда экани таъкидланди. Бу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, тадбиркорлар ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришда замонавий имкониятлардан унумли фойдаланиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1