Рекрутинг компаниялари таҳлилчилари ва экспертларининг фикрига кўра, 2025 йилга бориб юристлар бошқа бир қатор касбларнинг вакиллари каби ўзларининг аввалги шаклида ўз фаолиятини тўхтатадилар. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилди.
Британиялик тадқиқотчиларнинг “Ҳуқуқий касбнинг келажаги” номли ҳисоботида юридик соҳада фаолият юритаётган ҳар бир киши дуч келадиган тўртта драйвер борлиги таъкидланган. Улардан бири технологик инновациялардир. Технологик тараққиёт янги технологиялар, жумладан, «big data» (“катта маълумотлар”), онлайн-судлов, қонун ҳужжатлари таҳлили яхшиланиши орқали ҳуқуқий бозорга сезиларли таъсир қилади.
Бугунги кунда, IT-технологияларнинг инсон ҳаётида кенг ўрин эгаллаши, глобаллашувнинг кучайиши ва Интернет жаҳон ахборот тармоғининг кенгайиши ҳуқуқ соҳаларига ҳам бевосита таъсир ўтказаётганини, ушбу масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш муҳим эканлигини инобатга олиб, II Халқаро юридик форумнинг бош мавзуси “Ҳуқуқ 4.0” (Ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби шароитида) деб номланди.
Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий (инглиз) ҳуқуқи тизими, Корновирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш (policy implementation), судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, форум давомида “Давлат хизматлари соҳасидаги илғор амалиёт”, “Рақамли муҳитда ҳуқуқий ахборот тарқатиш истиқболлари”, “Электрон нотариат”, “Адвокатурани ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини такомиллаштириш” мавзуларида давра суҳбатлари бўлиб ўтади. Шунингдек, “Маълумотлар ва ахборотни бошқариш” мавзусида мастер-класс бўлиб ўтиши режалаштирилган.