Ўзбекистонда 18 апрелдан карантин талаблари кучайтирилиб, қоидабузарлар қатъий жавобгарликка тортилиши ҳақида хабар берилган эди. 18 апрель куни 773 кишига нисбатан жамоат жойларда ниқобсиз юргани учун баённомалар расмийлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББнинг маълумотларига асосланиб, Дарё хабар берди.
Шунингдек, ўрнатилган чекловлар ҳақида огоҳлантириш юзасидан 818 та баённома тузилган.
ИИВ матбуот хизмати шу кунгача ички ишлар органлари ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга нисбатан асосан огоҳлантириш билан чекланиб келганини, бундан буён қоидабузарларга нисбатан қонуний ва қатъий чоралар кўрилишини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 миллион 225 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.






