Непал етакчи нашрлардан бири «Karobar Economic Daily» газетаси сайтида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков ва марказ бўлим бошлиғи Н.Нодирхонованинг мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида рўй бераётган ўзгаришларга бағишланган «Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: 2020 йилдаги 10 муҳим қадам» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Материалда янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик дастури – Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси баён этилган.
Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланган. Мамлакатда барча соҳалар қатори мазкур йўналишда ҳам ўтган 2020 йилда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Нашрга кўра, мамлакатда юридик фан ва таълимни такомиллаштириш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетига масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш шаклларини ташкил этиш ҳуқуқи берилди. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университети бакалавриати ва магистратурасига масофавий таълим шаклида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш бўйича тегишли ташкилий чора-тадбирлар амалга ошириш топширилди. Шунингдек, аҳолининг малакали юридик хизматга бўлган эҳтиёжини қондириш тизимини такомиллаштириш мақсадида нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади.
«Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича яна бир ўта муҳим қадам ташланиб, фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш ва ушбу шахслар ҳам сиёсий ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланишлари ҳамда сайлов жараёнларида ҳам давлат фуқароси сифатида иштирок этишларини таъминлаш нуқтаи назаридан янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Натижада, мамлакат ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган 50 мингга яқин шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишига имконият яратилди», деб таъкидланади мақолада.
Муаллифларнинг ёзишича, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш бўйича қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Уларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди. Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли экани белгиланди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин. Бизнес-омбудсманнинг суд жараёнида иштирок этиш ваколатлари кенгайтирилди.
«Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди, - дейилади материалда. -Ўзбекистонда 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилганидан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади».
Судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этилгани (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари), “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиш ва шу билан боғлиқ суд тизимида қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш имконини берди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарори устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқиларди. 2019 йилдаги кўрсаткичда эса республика бўйича вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистонда айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинди. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ёки муддатигача жазо тайинлаш амалиёти йўлга қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиш борасида тизимли ишлар давом эттирилиб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органи ташкил этилди. Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. «Агентликнинг асосий вазифаларидан бири коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳисобланади. Агентлик ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани шакллантиради», деб қайд этади нашр.
Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганининг исботи ўлароқ, давлат раҳбари томонидан йўлга қўйилган афв этиш тизими изчил давом эттирилиб, 2020 йилда бу борада Президентнинг 5 та тегишли фармони имзоланди. Натижада жами 616 нафар маҳкум афв этилди. Шу жумладан, афв этилган шахсларнинг 274 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 237 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди, 76 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Афв этилганларнинг 87 нафарини аёллар, 29 нафарини чет эл фуқаролари, 290 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этди.
«Кўриниб турибдики, янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Шубҳасиз, бу туб ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг ифодасидир», - деб хулоса қилади «Karobar Economic Daily».






