Миллий матбуот марказида янги ташкил этилган Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмасининг мақсад ва вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Уюшма раиси Қ.Набиев ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмасининг таъсис съезди бўлиб ўтгани ва раҳбар органлари сайлангани, 2016 йил 26 февралда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги янги уюшмани давлат рўйхатидан ўтказганини маълум қилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга фахрийларимиз босиб ўтган йўл ёшлар учун ибрат мактабидир. Айниқса, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободончилик ишлари жараёнида, ёшлар тарбиясида уларнинг маслаҳатлари, йўл-йўриқларига ҳамиша эҳтиёж сезилади.
Пенсионерлар уюшмаси кекса авлоднинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳаллалар, ҳар бир оилада тинчлик- тотувлик, осойишталик, соғлом муҳитнинг барқарор бўлишини таъминлаш, ёрдамга муҳтож кексаларга ижтимоий кўмаклашиш, пенсионерларнинг соғлиғини тиклаши учун даволаниши, мазмунли дам олишини ташкил этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.
Уюшма ҳузурида пенсионерларни қўллаб-қувватлайдиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали янги иш ўринлари очиш мўлжалланган.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.





