1

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Берлинда намойиш этилмоқда

ЖАМИЯТ 10.03.2016, 09:52
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Берлинда намойиш этилмоқда

Германия пойтахти Берлин шаҳрида 9 март куни очилган “ITB Berlin – 2016” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш қилинмоқда. 

“ITB Berlin” туризм соҳасидаги энг нуфузли кўргазмалардан биридир. Бу йил унда дунёнинг турли мамлакатларидан юзлаб фирма ва компания иштирок этмоқда. 

“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, мазкур халқаро ярмаркада “Ўзбектуризм”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда 10 дан зиёд хусусий компания мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини намойиш этмоқда. Ярмарка иштирокчилари мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги имкониятлари, таклиф этилаётган хизматлар, меҳмонхоналар, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумотлар билан танишмоқда. 

Форумдан жой олган, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ҳамкорлигида тайёрланган “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортмоқда. 

“ITB Berlin” кўргазмаси мамлакатимиз сайёҳлик хизматларини халқаро туризм бозорларига таклиф этиш, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, манфаатли шартномалар тузиш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги янгиликлар билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради. 

Жорий йилда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Испания, Италия, Нидерландия, Бельгия, Латвия каби мамлакатларда ўтказилган кўргазмаларда кенг намойиш этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1