Юрагимда сақлаганларим: “Сизни бир бор кўрсам эди...”

МУТОЛАА 14.03.2016, 12:14
Юрагимда сақлаганларим:  “Сизни бир бор кўрсам эди...”

Биз шундай яшайликки, орадан йиллар ўтиб, ортга разм солганимизда ҳаётимизнинг ҳеч қайси саҳифасини ўзгартириш истаги пайдо бўлмасин. Қаердадир ниманидир ўзгартириш истаги пайдо бўлдими, демакки, қаердадир хатога йўл қўйган бўламиз, деб ёзган эди донишмандлардан бири.  Таҳририятимизга келган наманганлик мухлисамизнинг   қуйидаги мактуби  эътиборимизни тортди. Унда битилган дил сўзлари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз...

Яна баҳор келди, эрта баҳор.  Ҳавода майин илиқлик ҳукм сурмоқда.  Қуёш табиатни ўзининг илиқ нурлари билан сийламоқда.  Заминдан шошқалоқ кўкатлар бош кўтарган. Лекин  дарахтлар уйқуга тўймаган боладай  ҳали қобиғига ўраниб ётибди.  Сайроқи қушлар эса  табиатнинг энг тароватли фасли-баҳор келаётгани ҳақида оламга жар солмоқда...

Бугун сизни кўргани келдим.  Ҳа яна кўргани келдим. Илгарилари дарвозадан кўринишим билан иқболимга пешвоз чиқиб, мени саволларга кўмиб юборар эдингиз. 

— Кел болам, тузукмисан? Уйинг тинчми? Болаларинг, эринг соғми? Тинчлик билан келдингми? 

Мени эса ҳали нафасимни ростлаб олмасимдан  сўроққа тутганингиздан энсам қотади:

— Фақат, нотинч бўлсам сизни кўргани келаманми? Қизиқсиз –а, ойи? 

Жавоб берардим-у, айб иш қилиб қўйган боладай кўзларимни яширардим. Сиз эса шундаям тинчимай:

— Ҳа болам-а, мени кўзим хирароқ.  Тоғни кўрмай қолишим мумкин. Лекин онаман. Сени кўзларингдаги мунгни, ёшни кўр бўлсам ҳам кўраман,-дердингиз. 

 Шу сўзларингиздан кейин киприкларимда омонатгина осилиб турган ёшлар селга айланарди. Бор дардимни йиғлаб-сиқтаб, сизнинг юрагингизга ағдарар эдим. Ўзим енгил тортардим-у,  алам юкининг бор залворини сизнинг кексаликдан чўкиб қолган елкангизга ортар эдим.

Сиз эса жимгина эшитардингизда:

— Болам ҳаёт ҳар қадамда бизни турли синовларга гирифтор қилади. Пешинангга ёзилган экан, сабр қил, — дердингиз. 

Менга тасалли берардингиз-у, ўзингиз изтироб ўтида ёнардингиз. Турмушим нотинчлигида ўзингизни айбдор ҳис  этиб, ич этингизни ердингиз. Чунки мени ўзингиз танлаган инсонга турмушга бергансиз. “Жияним, укамдек яқиним қизимни эҳтиёт қилади” деб ўйлагансиз. Сизнинг хатоингиз ҳам гуноҳингиз ҳам шу. 

Мени алдаб-сулдаб, юпантириб топганингизни  қўлимга тутқазиб жўнатар эдингиз.  Мен нотавон уйимга кулиб кетар, сиз эса ортимдан бўзлаб, куйиб қолар эдингиз. Кейинги келишимгача минг ўлиб, минг тирилиб  яшардингиз. Яна келганимда эса сиз кўзимга термуласиз, мен сизни оловда ёқишда давом этаман. 

Ўша воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар доимгидек ҳам учиб-қуниб кутиб олдингиз. Борингизни дастурхонга тўкиб содингиз. Мен эса дардимни дастурхон қилишдан чарчамадим. 

Сиз эса, кўзингизни бир нуқтага қадаганча, ҳар доимги гапни тилга олдингиз.

— Сабрли бўл, қизим!

— Сабр, сабр, қачонгача сабр қиламан, — дея заҳримни сочдим. – Сиз менга ўхшаб эр жабрини тортмагансиз. Дадам сизни урмаган, сўкмаган, қаттиқ гапирмаган. Ўзингиз айтардингизку, отангдек инсон бошқа бу дунёга келмайди, деб. 

Сиз индамасдан бошингизни қуйи солиб, кўз-ёшларингизни енгингиз учи билан артдингиз. 

Ҳа, отам сизни кафтида кўтаргани рост. Лекин, мен қиз бўла туриб, сизнинг шугина бахтингизни ҳам юзингизга солдимми? Отам билан бахтли ҳаёт кечирганингизга ҳасад кўзи билан боқдимми? Сизга, ўз онамга-я? Эсласам, ўз-ўзимдан нафратланиб кетаман. 

Мен эса, кунда-кунора уйингизга кўз-ёшимни оқизиб келишда давом этдим. Бу ҳол  то бетоб бўлиб ётиб қолгунингизга қадар давом этди. Сиз оғир дардга мубтало бўлдингиз. Турмушидан куйган бахтсиз қизингиз-менинг дардим сизни адои тамом қилди.  Оёқларингиз, қўлларингизни қимирлата олмайдиган бўлиб қолдингиз. 

Энди сизга қараб мен куя бошладим. Ҳаётий муаммоларимдан  сизнинг соғлигингиз, ҳаётингиз мен учун муҳимроқ эканлигини англаб етдим.  Аммо, сизни ҳар сафар кўргани келганимда, кўзларимга синчковлик билан тикилишда давом этардингиз... Уларнинг тубига чўкиб кетган ғам ва жавоби топилмаётган саволларни ўзингизча таҳлил қилардингиз, гўё.

Мен бешафқат, мен золима  ўша ҳолингизда ҳам сизни қақшатиб кетдим. Аслида сизни шу кўйга солган мен бўлсам ҳам. Ахир мен ҳам аёл эдим. Мен ҳам она эдим. Турмушнинг паст-баландларига қаноат қилолмадим, сиз айтгандек бироз сабрли бўлолмадим.  Рўзғор ташвишларини, ҳамма оилада бўладиган араз-гиналарни  кўргулик деб қабул қилдим.  Кап-катта аёл бўлсам ҳам  ёш боладай этагингизга осилиб олдим.  Мустақил бўлолмадим. Менинг эркаликларим, инжиқликларим сизни йиқитди.  

Онажон, менинг изига тушмаган ҳаётим учун сиз айбдор эмассиз. Сиз фақатгина менга яхшиликни раво кўргансиз, холос. Шунчаки, менга умр йўлдоши танлашда тақдир бизга кулиб боқмади, холос. Ахир ҳамма адашади.  Ҳаттоки, авлиёлар ҳам. Сиз эса авлиё ҳам эмассиз.  бор-йўғи  “ОНА” сиз, менинг онам. 

Яна баҳор келяпти, қушлар сайраяпти, бутун борлиқ уйғониб янги ҳаётни қаршиламоқда. Аммо, сиз...

Бугун сизни яна кўргани келдим. Сиз ёқтирган кўклам ёмғири шивалаб ёғяпти. Болалигим ўтган ота уйимизга кирар эканман, ҳовлининг ҳар бир бурчагидан, ҳамма нарсадан сизнинг тароватингизни туяман. Қаршимга пешвоз чиқиб, мени саволларга кўмиб ташлашларингизни жудаям соғиндим. Аммо, афсус, энди сира ундай бўлмайди. Чунки сиз мангу уйқуга кетгансиз, арши аълодан менга боқиб, мен ва болаларимга яхшиликлар соғинасиз энди... 

Шуларни ўйлайману, кўзимдаги томчилар селга айланади. Бўғзимга нимадир тиқилиб, ичимдаги алам юки кўксимни ёриб юборай дейди-ю,беихтиёр қуйидаги сўзларни пичирлайман:

— Ойи, ойижон. Мен тинчман. Болаларим ҳам соғ-саломат.  Мен сизни соғиниб келдим, ойи. Мени кечиринг, тўккан кўз ёшларингиз, сизга берган озорларим учун кечиринг. Қаранг, сиз ёқтирган баҳор келди, сиз ёқтирган ёмғир ёғяпти.  Ойижон, бугун туғилган кунингиз, агар ҳаёт бўлганингизда яна бир баҳорни қарши олардингиз... 

Йиғлаб  ичимдаги ғуборлар ювилгандек бўлади, бироз енгиллашаман.  Уйимга қайтдим. Аммо бу гал кулиб эмас йиғлаб қайтдим, икки қўлим бўш, қалбимда залворли юк-пушаймонлик юки билан қайтдим. 

Атрофда баҳор, сукунат. Аммо ўша сукунатдан онаизоримнинг меҳрли унини туйгандек бўлдим: 

— Сабрли бўл, қизим...

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+-5.03° tumanli
Валюта курси
11260.49
USD -24.41
11796.49
EUR -45.88
178.99
RUB -0.23
1