АсосийJamiyat

Бир ҳафтада республикамизда содир бўлган ёнғинларда 2 нафар фуқаро ҳалок бўлди

Ўтган ҳафта мобайнида республикамиз ҳудудида 153 та ёнғинлар қайд этилган.

Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 14 нафар фуқаролар тан жароҳатлари олишган ва 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу ёнғинларда 1 млрд. 85 млн. сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 1 млрд. 250 млн. сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро А.Ахмедовнинг ошхонасида чақнаш содир бўлган. Ошхонадаги газ плитасининг жўмраги тўлиқ беркитилмаганлиги сабабли сизиб чиққан газ ҳидини сезмаган уй эгасининг турмуш ўртоғи, ошхонага кириб гугурт чаққан вақтида хонага тўпланган газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш натижасида ошхонанинг 5 кв. метр майдонда шифт қисми ёниб зарарланган. Ёнғинни ўчириш вақтида уй эгаси ва турмуш ўртоғи куйиш тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилганлар.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро С.Норматовнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 90 кв.м. майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Самарқанд вилояти Самарқанд тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган шахсий «Газел-2705» русумли юк автоуловининг мотор қисмидаги электр симларининг қисқа туташуви оқибатида ёнғин содир бўлган. Жиловидан чиқиб кетган ёнғин, ёнғин ўчирувчилар этиб келгунга қадар автоуловнинг салон қисмига ҳам жиддий зарар этказишга улгурганди. Автоуловда ўт ўчириш воситаси бўлмаганлиги сабабли, ҳайдовчининг ёрдам кучларини кутишдан бошқа чораси бўлмади.

Ушбу ҳолатлар бепарволик ва эътиборсизлик туфайли содир бўлмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун ёнғин хавфсизлиги талабларини йоддан чиқарманг. Газ ва электр жиҳозлардан тўғри фойдаланинг, очиқ оловдан фойдаланишда эътиборсиз ва бепарво бўлманг, - дея огоҳлантиради Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазилиги Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси.

    Бошқа янгиликлар