АсосийJamiyat

Фарзандингиз таътилини мазмунли ўтказиш учун муҳим маълумотлардан хабардор бўлинг

'Фарзандингиз таътилини мазмунли ўтказиш учун муҳим маълумотлардан хабардор бўлинг'ning rasmi

Мактабларда ўқув йили ва синов-имтиҳонлари ўз ниҳоясига етди. Бундан буёғига фарзанди мактабда таълим оладиган ота-оналарда “Фарзандимнинг бўш вақтини қандай мазмунли ташкил этсам экан, қандай тўгаракларга берсам бўларкан”, деган ўй тинчлик бермаётгани, шубҳасиз. Ҳар йилги анъанага мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги масъуллари бунга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборишган. Болажонларни ўз бағрига олишга улгурган “Ёз–2021” лойиҳасининг кун тартибига қандай тўгараклар киритилган? Карантин қоидаларига қанчалик риоя қилиняпти? Куннинг иссиғида болаларни касалликдан сақлаш чоралари ҳам кўрилганми? Шу каби саволларга Мактабдан ташқари таълим, спорт ва туризмни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Мурод ҚОРАБОЕВ жавоб берди.

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги “Болалар дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳи мажлисининг биринчи баёнига мувофиқ” соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолияти 2021 йил 1 июнь кунидан бошланиши белгиланган бўлиб, фаолияти якунланиши 20 августга қадар босқичма-босқич амалга оширилади. Умумтаълим мактаблари қошида соғломлаштириш майдончаси сифатида жорий йилда 1 882 та умумтаълим мактаблари белгиланган бўлиб, уларда 150 301 нафар болалар дам олиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу майдончалар ота-оналар талаб ва таклифлари асосида ёз давомида яна қўшимча очилиши мумкин. 

— Қандай тўгараклар режалаштирилган? Тўгаракларнинг кун тартиби қанақа? 

— Соғломлаштириш майдончаларида 5 та муҳим ташаббус бўйича белгиланган тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади ва қўшимча равишда спорт заллар, спорт майдончалари, кутубхоналар, компьютер хоналари тўлиқ фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратилган. Бундан ташқари, туман ва шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаблари ҳам умумтаълим мактабларига бириктирилиб, ўқувчилар қизиқишига кўра тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. 

— Карантин қоидаларига риоя этиш қандай ташкиллаштирилган? 

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги болалар дам олишини мазмунли ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Касаба уюшмалари федерацияси “Болалар ёзги оромгоҳларининг карантин даврида фаолиятини ташкил этиш бўйича талаблар” ишлаб чиқилган. 

Унга кўра, асосан: 

  • Оромгоҳлар санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимлари томонидан мунтазам назорат қилинади; 
  • Биноларда профилактика дезинфекция ва дератизация каби ишлар амалга оширилади; 
  • Маҳаллий ҳокимликлар томонидан оромгоҳларда етарли миқдорда антисептик воситалари ва иссиқлик ўлчовчи мосламалар билан таъмиланади; 
  • Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ёз мавсумида оромгоҳлар учун зарур бўлган иссиқлик ўлчагич (термометр), птурли гигиеник ва антисептик воситалари ва ҳар бир оромгоҳга туман (шаҳар) кўп тармоқли шифохоналардан ҳамширалар бириктирилади. 

— Аномал иссиқ ҳаводан сақланиши учун болаларга имкониятлар қилиб бериладими? 

— Соғломлаштириш майдончалари учун алоҳида шароитга эга бўлган шийпонлар, дарахтлари мўл ва салқин бўлган умумтаълим мактаблари танлаб олинган. Ўқувчилар куннинг иккинчи ярмида, табиийки бу вақтда ҳарорат кўтарилган бўлади, ана шундай вақтларда спорт залларида, кутубхона ва белгиланган синфхоналарда болажонларимиз банд бўладилар. Шу вақтларда бириктирилган устозлар билан бирга корантин қоидаларига жиддий амал қиладилар. Бунга мактаб маъмурияти биринчи галдаги масъулдирлар. Шунингдек, айрим мактабларда имкониятдан келиб чиқиб, ўрнатма сузиш ҳавзалари ҳам ташкил этилмоқда.

Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
24 (1151) 17 июнь 2021 й

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар