АсосийJamiyat

Байналмилал маданият марказида диний бағрикенгликка бағишланган тадбир ўтди

Тошкентда диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликка бағишланган тадбир ўтказилди.

Республика Байналмилал маданият марказида “Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик – барқарорлик омили” мавзусида маданий-маърифий семинар бўлиб ўтди. 

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимиздаги тегишли идора ва ташкилотлар, миллий маданий марказлар ва диний ташкилотлар вакиллари, талабалар ва устозлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирок этди. 

Тадбирда сўзга чиққан Республика Байналмилал маданият маркази директори Н. Муҳаммадиев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О. Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимов, Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий ва бошқалар мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, юртимиз фуқаролари қайси миллатга мансублиги ва ва эътиқодидан қатъи назар барча учун яратилган эркинликлар ва шарт-шароитлардан тенгҳуқуқлилик асосида фойдаланаётгани ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Бугун юртимизда 137 миллий-маданий марказ, 2238 диний ташкилот фаолият кўрсатади. Ватанимизда ҳар бир инсон ўзи истаган динга эътиқод қилиши учун барча шароитлар яратиб берилган. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз муқаддас Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этишаётир. Шунингдек, бошқа дин вакиллари ҳам хорижий мамлакатлардаги  муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб келишмоқда. 

Тадбир доирасида диний ташкилотлар ва миллий-маданий марказлар томонидан чоп этилган адабиётлар ва қўлланмалар, фотосуратлар кўргазмалари намойиш этилди.

    Бошқа янгиликлар