АсосийJamiyat

Тошкентдаги нотариал идора маълумотнома бериш учун фуқарони 3 кун сарсон қилди

Таниқли журналист ва телебошловчи Шоира Рауфбоева(Шоҳира Ҳамро) Шайҳонтоҳур тумани 1-сон нотариал идорасига маълумотнома олиш учун боргани, у ердаги ўз ишига масъулиятсиз ва совуққон нотариуслар сабаб маълумотнома олгунча сарсон саргардон бўлганини ҳақида Facebook ижтимоий тармоғидаги Maslahat.uz гуруҳига ёзиб қолдирди.

“Очиғи байрам арафаси бу ҳақда ёзиш унча тўғримасдир..лекин ёзмасам бўлмади”,—дейди телебошловчи.

“Чунки орамизда ўз ишини яхши билмайдиган, чаласавод ‘мутахассислар’ бор экан, улар бизнинг асабимизни еб, вақтимизни ўғирлашда давом этаверишади. Келинг, ҳаммасини бир бошдан гапириб берай: ўтган ҳафта ҳужжатларимни йўқотиб қўйдим(аниқроғи ўғирлатдим) уларнинг ичида машинамнинг техник паспорти ҳам бор эди. Бу ҳужжатсиз эса машинада бугун кўчада юриб бўлмайди. Хуллас, уни қайта тиклаш учун ҳаракат бошладим. ‘ГАИ’да иш бир пасда битди. Лекин машинам давлатдан олинган кредит сабабли гаровда бўлгани учун, яна бир ҳужжат лозим экан. ‘ГАИ’дагилар менга кредитни расмийлаштирган Шайҳонтоҳур туманидаги 1-сонли нотариусдан  ‘техник паспортни қайта тиклашга қарши эмасмиз’ қабилида ёзилган билдирги ёздириб келишим кераклигини айтишди. ‘Ғунча’ кинотеатри қаторида жойлашган нотариусга келдим ва ана шу нуқтадан менинг уч кун вақтимни ўғирлаб, асабимни еган, ёмғирда ивиб, шаҳарни пиёда кезишга мажбур қилган ‘саргузаштларим’ бошланди. Мазкур нотариус шаҳарда анча номдор, мижозлари ҳам кўп. Ишанова Донохон опани имзоси билан кўп хайрли ишлар бошланган. Лекин бу опани мазкур нотариусга уч кун қатнаган бўлсам , бирор марта ҳам иш жойида кўрмадим.У кишининг чамаси 7-8та ёрдамчиси бор экан. Ҳаммаси тўтиқушдай ‘Ҳозир келадилар’, деб бир гапни такрорлайди. Ваҳоланки, мазкур нотариус давлатники,давлат маош тайинлаб қўйган ишхонага уч кун келмасликни тушунмадим. Лекин опа кўринмас куч билан идорани бошқариб турибдилар. Чунки ходимлар у киши билан телефонлашиб, мени 8-сонли шу тумандаги бошқа нотариусга юборишди. База ўша ерда. Сизга ўша ердан маълумотнома беришлари керак, дейишди. Кўкчада жойлашган мазкур нотариусдагиларни ҳам анча кутиб олган жавобим шу бўлдики, ‘Машина Юнусобод туманига тегишли. Бизнинг базада у йўқ. Тақиқни 1-нотариус қўйган, рухсатни ҳам улар беради. Нимага бизга юборишди ҳайронмиз’,дейишди. Яна қайтиб 1-нотариусга келдим. Энди улар ‘тез югуринг, опа пастда, кетиб қоладилар ҳозир. Машинага тушиб кетдилар’,дейишса югуриб тушаверибман. Худди опани бирор марта кўрган-у, танийдигандек.Опа билан ‘дийдорлашиш’афсус насиб этмади. Яна ўша мени 8-нотариусга юборган аёлга дуч келдим. ‘Мен опа билан гаплашдим. Сиз бизга шахсан ариза билан мурожаат килишингиз керак экан, кейин биз сизга маълумотнома берар эканмиз’,деди у. Аризаниям, маълумотноманиям ўша ердаги бир аёл ёзиб берар экан. У ишга киришишдан олдин менга тўлов коғозини олиб чиқди. Тўлов қилиб чиқсам, ёзилган маълумотнома устида икки йигит мук тушиб, ‘тўғри-нотўғри’ деб ўтиришибди. Ниҳоят, бир тўхтамга келиб, қош қорайганда маълумотномани қўлимга беришди. Олиб, хурсанд бўлиб кетаверибман. Лекин ‘ГАИ’га боришга кеч эди. Шундай қилиб бир кун йўқотдим. Эрталабдан яна ‘ГАИ’га бордим. Улар маълумотномани ўқиб, бир-бирига кўрсатиб роса кулишди. Кейин эса менга юзланиб:

—Опа, машина гаровдалигини биз биламиз,сиз ҳам биласиз. Нотариусдагилар биз ва сиз билишимизни билиши ҳақида ёзиб берибди.Бизга эса улар гаровга олиб,ҳар қандай иш бажаришни тақиқлаб қўйган бу иш юзасидан ‘Биз розимиз Техник паспортни қайта тиклаб беринг’,деган гап керак эди дейишди.

Яна кайтиб шаҳарнинг бу чеккасига, нотариусга келдим. Яна опа йўқ.Энди ўша ердаги бошқа аёл:

—Бориб банкдан бизга шундай маълумотнома берилсин,деган хат олиб келинг, кейин берамиз,—деди.

Мен ‘Опани ўзи билан гаплашай, бу ёмғирда у ёқдан бу ёққа юравермайманку’,дедим. Лекин у беролмаслигини, Доно опа қаердалигиям, қачон ишга келиш ё келмаслигиниям билмаслигини айтди. Бир амаллаб бошқа бир аёлни Доно Ишановага қўнғироқ қилдиришга эришдим.Лекин асабларим таранг эди. У киши билан ўғлим гаплашди.Доно опа банкдан шу мазмунда хат бўлмаса менга маълумотнома бера олмасликларини, ўзлари даволанишда эканликларини,ходимлари ишни эплай олмай ҳамма ишни ағдар-тўнтар қилишганини, банкдан қоғоз олиб келсам ўзлари келиб шахсан маълумотнома ёзиб беришларини айтдилар.

“Банк ёпилиб колмасдан банкка боринг,ходимларим кутиб туради. Дарров қилиб беришади”,дедилар.

Бу орада вақт кеч бўлиб қолди. Шунда  ҳам иш шу бугун бита қолсин,деб  Чорсу бозорини ичида жойлашган банкка югурдик. Банкдаги кредит бўлими ходими вазиятни тўғри баҳолаб, 5 дақиқа ичида маълумотнома ёзиб берди. Хуллас, 10 дақиқага қолмай маълумотномани олиб келсак, нотариусдагилар жуфтакни ростлашибди. Яна Доно опага қўнғироқ қилдик.

 "Кўп йиллик тажрибага эга бўлган нотариуссиз. Бу муаммо банк билан ҳал бўлишини бошидан наҳот билмадингиз, ахир ходимларингиз ишга келмасангиз ҳам сиз билан маслаҳатлашиб туришдику"-дедик.

 У киши "бу мингдан бир ҳолатда бўладиган хато. Узр. Эрталаб 8.30да келинг, ўзим чиқаман ишга”,дедилар.

Эртаси 8.30да ҳам, ундан кейин ҳам опани ишга келганини кўрмадим. Лекин ҳар ҳолда ваниҳоят 3-куни маълумотномани олдим. У киши қўл қўйган бўш бланкалар ходимларда бўлар экан.(Муҳим ҳужжатларнинг тақдири ҳал бўладиган вазифада ўзи 3-4 кунлаб ишга келмай, шу йўсинда иш тутиш мумкинми?) Техник паспортни ҳам тикладим, фақат алам қиладигани, орамизда ўз ишига , мижозларнинг муаммосига ана шундай совуққонлик билан муносабатда бўлаётганларнинг борлиги,ўз ишини яхши билмайдиган чаласаводларга давлат ишониб топширган лавозими масъулиятини юклаб қўйиб, одамларни сарсон-саргардон килиб қўйишгани.Жамиятни орқага тортаётганлар ҳам ана шундай масъулиятсиз одамлар асли”,—дея сўзларига якун ясади Шоира Рауфбоева.

Телебошловчи пости сўнгида бу каби ҳолатларга қарши қандай курашиш мумкин эканлигини сўраб,гуруҳдагиларга юзланди.

 Гуруҳ аъзоларидан кўпчилиги нотариусга бориб, уларнинг хизматидан хафсаласи пир бўлганини, бундай масъулиятсиз нотариуслар устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига арз қилиш ва бундай вазиятларда ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш кераклигини билдирган.

Шу ўринда, фойдаланувчилардан бири қолдирган изоҳ эътиборимизни тортди:

“Агар давлат органлари орасида фуқароларга қўпол муомала қилиш, уларни менсимаслик, қўлидан келадиган оддий ишларни ҳам қилишдан бўйин товлаш, халқни оворайи сарсон қилиш бўйича рейтинг тузилса, нотариуслар шубҳасиз 1-ўринни олса керак.

Тўғри, 5 қўл баробар эмас, аммо аксарият (барчаси эмас) нотариуслар аслида асосий вазифаси халққа хизмат кўрсатиш эканлигини унутиб қўйганига анча бўлган”,—дейилади ушбу изоҳда.

 

 

    Бошқа янгиликлар