Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятларга қарши курашиш борасида турли усуллар қўлланилмоқда.
2021 йил 28 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонунда белгиланган нормалар прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга иқтисодий жиноятларга қарши курашишда енгилликлар яратади. Давлатга ёки фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш имконини беради. Бу қандай амалга ошади?
Эндиликда банк сири деб эътироф этилувчи маълумотлар прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга прокурор санкцияси билан тақдим этилиши қайд этилди. Илгари банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида банк сирини ташкил этувчи маълумотлар берилган бўлса, эндиликда бундай маълумотлар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга ҳам тақдим этилиши қайд этилди. Бу эса гумонланаётган шахснинг жиноятини фош этишга, жиноятларнинг олдини олишга ва жиноятларни ўз вақтида аниқлаш ва оқибатларини бартараф этиш имконини беради. Қолаверса, жиноятчиларнинг банкдаги ҳисобварақларини аниқлаш орқали ундаги маблағлар миқдорини билиш мумкин. Уни содир этган иқтисодий жиноятлардаги зарарни ушбу маблағлар ҳисобидан қоплаш ёки маблағ ноқонуний йўл билан топилган бўлса давлат фойдасига мусодара қилиниши мумкин.
Шунингдек, прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ўз иш юритувидаги жиноят ишлари ва тезкор-қидирув ишлари бўйича банкларда ҳисобварақлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни Марказий банкнинг маълумотлар базасидан автоматлаштирилган режимда олиши мумкинлиги белгиланди. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноятчиларни тезроқ фош этиш ёки ўз вақтида жиноятларни аниқлаш имконини беради.
Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар кўпчиликка ёқмаслиги мумкин, “банк сири энди сир эмасми?” ёки “бу менинг шахсий сирим, нимага уни ҳамма билиши керак?” каби савол ва фикрлар келиши мумкин. Шуни унутмаслик лозимки, маълумотларни олган мансабдор шахс бундай банк сири бўлган маълумотларни оммага маълум қилишга ҳақли эмас. Қолаверса, банкда турган маблағлар ҳалол ишлаб топилган бўлса, нега бундай маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билишидан қўрқиш мумкин? Фақатгина ғайриқонуний йўл билан топилган даромадларни яшираётган инсонларгина бундай ўзгартиришга қарши бўлиши мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар жиноят оламидаги “машҳур”ларга оғир зарба бериши, уларни ўз вақтида фош этиши аниқ. Бошқаларнинг ҳам бу йўлга тушмаслиги учун яхшигина туртки бўлиши мумкин.
Саламат Туремуратов,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими






