1

1003 рақамига қўнғироқлар кўпаймоқда — ССВ

ЖАМИЯТ 09.07.2021, 20:27
1003 рақамига қўнғироқлар кўпаймоқда — ССВ

Мамлакатимизда “COVID-19” пандемиясининг илк кунлариданоқ жамоатчиликнинг касаллик билан боғлиқ саволларига ўз вақтида жавоб бериш, тиббий йўл-йўриқ кўрсатиш тизими йўлга қўйилган эди. Бир йил аввал ишга тушган қисқа рақамли 1003 Call-маркази ҳозирда ҳам туну кун фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган йил касаллик авжига чиққан вақтда унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, тажрибали шифокорлар уч сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларига жавоб берган бўлса, ҳозирда 25 нафар мутахассис уч сменада қўнғироқларни қабул қилмоқда. Уларнинг орасида тиббиёт фанлари номзоди ва докторлари, малакали мутахассислар бўлиб, фуқаролардан тушган саволларга тиббий асосланган жавоблар ва тавсиялар беришмоқда.  

Маълумот учун, Call-марказга жорий йилнинг май ойида кунига ўртача 300 та қўнғироқ келиб тушган бўлса, июнь ойида бир кунда ўртача 200-400 нафар фуқаро мурожаат қилган.  

Июль ойига келиб эса, кунлик мурожаатлар сони ўртача 1400 тагача кўтарилиб кетди. Жумладан, 1-8 июль кунлари жами 11 120 қўнғироқ келиб тушди, солиштириш учун: июнь ойининг охирги 8 куни давомида 3 737 нафар фуқаро қўнғироқ қилганди.  

Июнь ойида марказда 15 та мутахассис қўнғироқларга жавоб берган бўлса, июлда мурожаатлар сони ошгани муносабати билан ҳозирда улар сафига яна 10 нафар мутахассис қўшилди.  

Энг кўп берилаётган саволларга эътибор берадиган бўлсак, пандемиянинг биринчи кунларига қараганда ҳозирда аҳолининг коронавирус инфекцияси тўғрисида хабардорлиги анча ошганлиги боис саволлар мазмуни бирмунча ўзгарган. Бугун вируснинг қайси штаммлари юртимизда қайд этилган, улар клиникаси бўйича бир-биридан қандай фарқ қилади, болаларда уларнинг белгилари қандай намоён бўлмоқда, бир марта касалланган киши яна қайта вирусни юқтириши мумкинми каби қатор саволлар берилмоқда.  

Шунингдек, коронавирусга қарши эмлаш билан боғлиқ саволлар ҳам долзарб бўлиб турибди. Бунда аҳолини коронавирусга қарши эмланиш тўғрими, вакциналарнинг қандай акс таъсирлари бор, қайси вакцинани қабул қилган маъқул, бошқа давлатга бориш учун эмланиш шартми, ўзимизни қандай ҳимоялашимиз мумкин каби қатор саволлар қизиқтирмоқда. Ўз ходимларини ҳимоялаш мақсадида вакцинация қилишни истаган ташкилотлардан “вакцинани қаердан олса бўлади?” каби савол ҳам келиб тушмоқда.  

Бундан ташқари, аксарият мурожаатчилар Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги COVID-19 билан оғриган беморларни қабул қилаётган шифохоналарнинг манзили ва  қайси тиббиёт муассасаларида бўш жой мавжудлигини ҳам сўрашмоқда.  

Бир сўз билан айтганда, Call-марказ фуқароларни қийнаган саволларига вақтида жавоб бериш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш борасида ўз вазифасини бажариб, аҳоли оғирини енгил қилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 15 март куни ишга туширилганди. Фуқароларимиз ушбу рақамга қўнғироқ қилиб, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ барча саволларга малакали мутахассислардан аниқ ва асосли жавоб олишмоқда.  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1