АсосийJamiyat

"Вазият чеклов чораларини кўришни тақозо этмоқда". Фарғонадан келган чорванинг “Бурчмулла” ўрмон хўжалигида боқишга рухсат берилмаётганига изоҳ берилди

'"Вазият чеклов чораларини кўришни тақозо этмоқда". Фарғонадан келган чорванинг “Бурчмулла” ўрмон хўжалигида боқишга рухсат берилмаётганига изоҳ берилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқда Фарғона водийсидан келган фермерларнинг майда шохли молларини “Бурчмулла” ўрмон хўжалигида боқиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан видеомурожаат эълон қилинган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси муносабат билдирди. 

Бир неча йиллар давомида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон тумани яйловларига Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳамда маҳаллий чорвадорлар томонидан ёзги яйлов мавсумида 25 минг йирик шохли ва 75 минг майда шохли моллар келтирилиб, боқилади. Бироқ, афсуски, мавсум даврида яйловлардан фойдаланишда ветеринария ва санитария талаблари қўпол равишда бузиб келинмоқда. 

Яъни, нобуд бўлган, мажбурий сўйилган ҳайвонларнинг тана қолдиқлари, қирқиб олинган жунлар тўғридан тўғри яйловда қолдириб кетиляпти. Бундан ташқари, чорвачилик чиқиндилари, сўйилган мол қолдиқлари ва нобуд бўлган чорва ва уй ҳайвонлари жасадларини кўмиб ташлаш ўрнига сув ҳавзаларига, ахлатхоналарга ташлаб юбориш ҳолатлари учрамоқда. Натижада бу ҳолат табиатнинг соф сақланиши, ўсимлик дунёсига катта миқдорда зарар етказмоқда. 
 

Маълумки, Оҳангарон тумани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ихтисослаштирилган чорвачилик туманига ва Бўстонлиқ тумани Экотуризм туманига айлантирилган.
 

Аммо вилоят ҳудудидаги яйловларга етказилган зарар, афсуски, тиклаб бўлмас даражадага етиб келган.

Шуларни эътиборга олиб, табиий хилма-хиллик, фауна ва флорани асраш ва уни қайта тиклаш вақтинчалик чеклов чораларини кўришни тақозо этмоқда. Қолаверса, Тошкент вилоятида дарахтзорлар, яшил майдонларни кўпайтириш ҳам асосий мақсадлардан бири саналади.
 

Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, жорий йилнинг ўзида вилоят бўйича 2 миллион туп кўчат экиш ташкил этилган. Уларнинг 60 мингтаси Бўстонлиқ тумани ҳиссасига тўғри келади. Ниҳолларни беталафот ўсиши ҳамда уларни асраш учун зарур эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2021 йил 13 мартдаги “Бўстонлиқ тумани “Бурчумулла” МФЙ ҳудудидаги “Бурчмулла” ўрмон хўжалигида (ёрдамчи хўжалик)да қораоқсоқ (бруцеллез) касаллиги аниқланганлиги сабабли карантин ўрнатиш тўғрисида”ги № 135-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси “Ветеринария тўғрисидаги Қонунининг 28- моддасига асосан, 2021 йилни 19 мартидан карантин жорий этилган. Шу муносабат билан Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туман яйловларига бошқа вилоятлардан келтирилган чорва молларини мавсумий боқиш вақтинча тўхтатилган.

Мазкур ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, бошқа вилоятлардан чорва боқиш учун келган фермерлар масалага ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига мурожаат қилиши лозим.


 

    Бошқа янгиликлар