Тошкент шаҳри Шимолий вокзал яқинида, 94-умум таълим мактаби ёнида икки автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Facebook ижтимоий тармоғининг “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари хабар берди.
Гуруҳга жойланган суратларда Captiva автомобилининг ағдарилиб кетганини кўриш мумкин. Nissan Altima эса йўл четидаги светофор устунига келиб урилган. ЙТҲ оқибатида ҳар иккала машина ҳам жиддий зарар кўрган. Суратларда воқеа жойига ЙПХ ходимлари етиб келганини кўриш мумкин.



Изоҳларда гуруҳ иштирокчилари йўл-транспорт ҳодисаси катта тезликда автомобилни бошқариш оқибатида келиб чиққанини тахмин қилмоқда. Шунингдек, фойдаланувчилар мазкур ҳудудда деярли ҳар доим ЙПХ ходимлари туриши, аммо айрим ҳайдовчилар ҳатто бунга ҳам эътибор бермай тезликни оширишларини айтиб ўтишган.

Маълумотларга кўра,Captiva катта тезликда келаётган бўлган ва Nissan Altima`ни кўрмай қолган. Nissan Altima`ни аёл киши бошқариб кетаётган бўлган. Унинг ичида болалар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким жиддий жароҳатланмаган. Воқеа гувоҳларининг бири ҳамма соғ-омон эканлигини билдирган.





