АсосийJamiyat

“Ўзбеккино” буюртмасига асосан 2016 йилда 15 та бадиий фильм яратилади

Миллий матбуот марказида миллий кинематография санъатини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Унда киношунос олимлар, режиссёрлар, актёрлар, кино соҳаси мутахассислари иштирок этди. 

Маълумки, “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан ишлаб чиқарилган “Барон”, “Хазонрезги” бадиий фильмлари киноихлосмандларга манзур бўлди. Жорий йилда яна 15 бадиий, 10 мультипликацион, 20 қисмли ҳужжатли, илмий-оммабоп кинофильмлар, кўплаб ўқув-услубий видеофильмлар яратиш режалаштирилган. 

Соғлом она ва бола йилида "РRОLоguе" – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар II Республика фестивали ўтказилади. Ноябрь ойида бўлиб ўтадиган "Ёшлар ҳафталиги" доирасида ташкил этиладиган мазкур фестивалда 35 ёшгача бўлган киноижодкорлар сўнгги икки йил мобайнида суратга олган қисқа метражли бадиий фильмлари билан қатнашади. 

Миллий ва жаҳон кино асарлари дурдоналарини халқимизга кенгроқ намойиш этиш мақсадида мамлакатимизда ва бир қатор хорижий давлатларда кинофестиваллар ўтказиш режалаштирилган. 

Анжуманда кинематография соҳасида олиб борилаётган ишлар, галдаги режалар, режиссёр ва кинодраматурглар тайёрлаш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар муҳокама этилди.

Бошқа янгиликлар