1

Миср самолётининг олиб қочилиши: Даҳшатли бошланган ҳодиса мелодрамага айланиб кетди

ДУНЁ 30.03.2016, 10:14
 Миср самолётининг олиб қочилиши: Даҳшатли бошланган ҳодиса мелодрамага айланиб кетди

29 март куни куннинг биринчи ярмида дунёнинг барча ОАВлари Мисрнинг  EgyptAir авиакомпаниясининг А320 лайнери қўлга олингани ҳақидаги хабарни муҳокама қилди. Драматик тарзда бошланган воқеалар бора-бора романтик саргузаштга айланган бўлса, аста-секин комедияга айланиб кетди. “Lenta.ru” нашри самолётни ким қўлга олгани, воқелар қандай тус олганига аниқлик киритди.

Воқеалар қандай бошлангани ёдингиздами?

Самолётнинг қўлга олингани ҳақидаги хабар Москва вақти билан соат 10 да пайдо бўлди. Қоҳира – Искандрия рейси бўйлаб парвозни амалга ошираётган А320 авиалайнери манзил йўналишини ўзгартириб, Кипр томон парвоз қилади ва Ларнак шаҳар аэропортига қўнади. Исроилнинг қирувчи самолётлари ҳар эҳтимолга қарши самога кўтарилади.

Самолётни бир неча одам қўлга олгани, бироздан кейин у ёлғиз эканлиги, яна бироздан кейин улар бир неча қуролланган одамдан иборат эканлиги ҳақида сўз юритилди. Ниҳоят, самолётни қуролланмаган, аммо талаблари бажарилмаса портлатиш билан таҳдид қилаётган ҳудкуш-террорчи  қўлга олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Айнан шу лаҳзаларда EgyptAir авиакомпаниясининг сайти қизиқувчиларнинг ташрифидан ларзага келди, аммо бу узоққа чўзилмади. Компания самолёт бортидаги йўловчилар сонини аниқлай олмади, аввалига улар 82 нафар дейилган бўлса, кейин 55 нафар, бироздан сўнг эса 81 киши деб кўрсатилди. Ниҳоят компания йўловчилар сонини аниқлашни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, воқеалар ечимини кутишга қарор қилди. Аммо самолётда 26 нафар чет эллик фуқаролар — 8 та америкалик, 4 та британиялик, 4 та нидерландиялик, 2 та бельгиялик, 2 та грек, франциялик, италиялик, суриялик фуқаролар борлиги маълум бўлди. Қолган уч йўловчининг қайси мамлакат фуқароси эканлигини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Бу бошқа профессор

Террорчининг шахсини аниқлашда ҳам баъзи бир муаммолар вужудга келди. Egypt Air авиакомпанияси йўловчилар рўйхатини ўрганиб чиқиб, самолётни 28 ёшли, ливиялик деб тахмин қилинган АҚШ фуқароси, Жоржия штатидаги Атланта университетида тиббиёт соҳасини ўрганаётган Иброҳим Самоҳ қўлга олган деган қарорга келишди. Бироздан кейин самолётни Миср фуқароси, ветеринария фанидан дарс берувчи 50 ёшли Искандрия университети профессори олиб қочган деган янги тахмин пайдо бўлди.

Бу тахминнинг умри ҳам узоққа чўзилмади. Жиноятчи гаровга олинганларни қўйиб юборганда, уларнинг орасида айбсиз айбдор, террорчилар рўйхатига тиркалган  Иброҳим Сомаҳ ҳам борлигини кўриб, ҳамма ҳайратдан елка қисди. Миср Ташқи ишлар вазирлиги тезкорлик билан ветеринардан узр сўраб, жиноятчиликка янги номзодни эълон қилиб юборди. Энди бу сафар жиноятчининг исми-шарифи Сайфуддин Мустафога, бироздан кейин Селдим Элдим Мустафога ва ниҳоят Сейф ал-Дин Мустафога айланди. Миср ҳукуматининг берган сўнгги маълумотига кўра у Искандария университети эмас, балки Қоҳира университетида тарих фанидан сабоқ берувчи профессор эканлиги аниқланган. Жиноятчининг Миср армияси ҳарбий хизматчиси эканлиги ҳақидаги хабар медиа шов-шувлар орасида ҳеч кимнинг диққатини жалб этишга улгурмади.

Воқеалар кутилмаган бурилиш олди!

Мустафо билан музокара олиб бораётган ҳукумат вакиллари унинг нима учун самолётни олиб қочганлигини аниқлашга киришдилар. Профессор бир муддат жим қолди ва тўсатдан оролда яшовчи собиқ рафиқаси Марина Парасхуга ёзадиган мактубини етказишни, сиёсий бошпана беришни талаб қилди. Кипр махсус хизмати вакиллари унинг хатини етказгандан кўра рафиқасини тезроқ унинг олдига олиб келишга қарор қилишиб, зудлик билан Мустафонинг собиқ рафиқасини излаб топишди. Мустафо ҳижжалаб хатини ёзиб тугатишидан 15 дақиқа олдин Марина аэропортга кириб келди.

Даҳшат билан бошланган воқеа мелодрамага айланиб кетди. Бир муддат олдин самолёт бортидаги йўловчиларнинг соғ-омон қолишини Яратгандан илтижо қилиб сўраётган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари энди Мустафонинг собиқ рафиқаси билан ярашишини сўраб, илтижо қила бошлашди. Мустафо унга совға сифатида гул эмас, борти йўловчилар билан тўла бутун бошли самолётни олиб келганди. Бу лаҳзаларда Қоҳира ва Ларнак аэропорти тезкор штабидагилар енгил нафас олишди. Миср Ташқи ишлар вазири “У террорчи эмас, телба! Террорчилар ҳам ақлдан озган одамлар, аммо улар бу даражда ахмоқ эмас!” деди. Кипр бош вазири Мустафо ҳақида берилган саволларга “Бу ерда террорнинг алоқаси йўқ, ҳамма гап аёлларда” деб қўл силкиди. Бу романтик саргузаштда бир савол жавобсиз қолди. Нега Мустафо Ларнакка қўнишдан олдин учувчидан Истамбулга учишни талаб қила туриб, ёнилғи камлигини эшитиб, Ларнакка қўнишига кўнди? Ё собиқ рафиқасига Ларнакдан паҳлава сотиб олмоқчи бўлдими?  

Истанбул ёки ҳужум

Музокара беш соатдан бери давом этар, Марина Парасху собиқ эри билан суҳбатлашарди, атрофни қуршаб олган полициячилар бекорчиликдан эснай бошлашди, аммо профессор Мустафо нима хоҳлаётганини ҳали ҳам аниқлай олмаганди. Унинг оташин ҳис-туйғулари учун энди сиёсий бошпана берилмаслиги кундай равшан эди. Иши ўнгидан келмаган эр билан экипажнинг 4 аъзоси ва 3 нафар чет эллик йўловчилар бир неча соат овора бўлишди. Узоқ ўйланишлардан кейин Мустафо янги “Миср қамоқхонасида ҳибсда сақланаётган аёлларни қўйиб юбориш, кейин самолётга ёнилғи қуйиб, Истамбулга учиб кетиш” талабини қўйди. Мустафонинг бундай телба-тескари талабларидан жони хиқолдоғига келган Кипр махсус хизмати ходимлари унинг белига боғланган ўлим камари ҳақиқий эмаслигига юз  фоиз ишонч ҳосил қилишди ва унинг талабларини рад этиб, ҳужум қилишга қарор қилишди.

Мустафонинг ўзи бу ўйиндан чарчаб, асаби дош бермай, самолётдан қўл кўтариб чиқди ва таслим бўлди. Самолёт йўловчилари эса Мустафо билан селфига тушишди. Унинг белидаги ўлим камари ҳам ҳақиқатан сохта бўлиб, мобиль телефонларнинг ғилофларидан ясалган экан. Сешанба куни кечга бориб, Миср махсус хизмати Мустафонинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди. Унинг тўлиқ исми шарифи — Сейфаддин Мустафо Муҳаммад Имом бўлиб, у 1957 йилда Хелуан вилоятида туғилган. Бир неча маротаба фирибгарлик, ўғирлик, сохта ҳужжатлар тайёрлаш, гиёҳвандлик моддалари сотиш жиноятларини содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслиги, профессорликка алоқаси йўқлиги маълум бўлди. Аммо бадбахт авиалайнерда нечта йўловчи бўлганлиги ҳалигача номаълумлигича қолаверди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1