Фуқаролар ва юридик шахслар маъмурий судларга мурожаат этиш чоғида ариза ёки шикоятнинг шакли ва мазмунига нисбатан қўйилган талабларга тўлиқ амал қилмайдилар. Бундай эътиборсизлик судга тақдим этилган аризани қабул қилишни рад этиш ёхуд уни қайтаришга асос бўлади. Натижада ортиқча оворагарчиликлар юзага келиши мумкин.
Хўш, аризанинг шакли ва мазмуни қандай бўлиши керак? Ушбу саволга АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов жавоб берди.
Маълум қилинишича, маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига кўра, биринчи навбатда ариза ёки шикоят берилаётган суднинг номи аниқ кўрсатилиши керак. Масалан, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлар ташкил қилинганини ҳисобга олиб, Тошкент туманлараро ёки бошқа вилоят туманлараро маъмурий судига деб кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Қонунчиликка кўра ариза ёки шикоятда суднинг номини тўғри кўрсатмаслик ҳам унинг кўрмасдан қайтарилишига асос бўлади.
Шунингдек, аризада:
ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми);
жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);
арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;
аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;
устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана;
устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик содир этилган сана ва жой;
аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;
аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг қайси қонун ҳужжатига зид экани;
аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни ёки ҳаракатсизликни қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби кўрсатилиши керак.