Рекламаларни жойлаштирувчилар дарахтларнинг ҳолати ҳақида асло қайғурмайдилар – қўлбола усулда ясалган билбордларини осиш учун тўғридан-тўғри уларнинг танасига мих ва бурама михлар қоқиб, илгаклар билан боғлаб қўядилар. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан жорий йилнинг ўтган даврида дарахтларга реклама ўрнатиш бўйича аниқланган 1300 дан ортиқ ҳолатдаги рекламалар зудлик билан олиб ташланди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.
“Реклама тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ташқи рекламани моддий маданий мерос объектларида, йўл белгиларида ва светофорларда, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда, шунингдек дов-дарахтларни пайҳон қилиш ва туташ ҳудуддаги ободонлаштириш воситаларини бузиш йўли билан жойлаштириш тақиқланади.
Шунингдек, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ўзбошимчалик билан ўрнатилган ноқонуний рекламаларнинг атроф-муҳитга зарар етказаётгани юзасидан тегишли чора кўрилиши бўйича хат чиқарилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) дарахтларда ўрнатишга йўл қўйилмайди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама тарқатувчиларини табиатга зиён етказувчи ноқонуний реклама пешлавҳаларини ўрнатмасликка чақиради.
Ҳурматли истеъмолчилар, Агентлик томонидан @bexatoreklamabot телеграм боти орқали сиз ташқи реклама воситаларининг дарахтда ўрнатилгани ҳақида Агентликка хабар беришингиз мумкин! Табиатни асраш учун реклама жойлаштиришнинг муқобил (зарарсиз) усулларини излаш муҳим ва зарурдир.