Бу ҳақда Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Қаҳрамон Сатторов “Zamon.uz”га маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 август куни Мингбулоқ тумани Гуртепа маҳалласида яшовчи 10 ёшли С. кўчага ўйнагани чиқиб кетиб, уйига қайтиб келмаган. Бундан хавотирга тушган бобоси уни излайди. Оқибатда, ўзлари истиқомат қиладиган маҳалладан оқиб ўтувчи Оҳунбобоев канали қирғоғидан набирасининг кийимлари ва велосипедини топиб олади.
Тахминларга кўра, бола каналга чўмилишга тушган ва қайтиб чиқмаган. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан тезкор-қидирув ишлари натижасида бир кунда боланинг жасади каналга тушган жойидан 25 км узоқликдан топилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда ўзини каналга ташлаган қизнинг чириган жасади топилгани ҳамда Фарғонада эри билан жанжаллашиб қолган 22 ёшли аёл ўзини Катта Фарғона каналига ташлаб, чўкиб кетгани ҳақида хабар берилганди.