2000 та оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктлари ташкил этилди, дея хабар бермоқда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.
Ҳудудларда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш учун оила шифокори ва “тиббий бригадалар” “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказилди.
Бирламчи тизимда аҳолини тиббий хизмат билан тўла қамраб олиш мақсадида қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходими учун штатлар ажратилди. Шу билан бирга, 32,5 миллион нафар аҳоли тиббий хатловдан ўтказилиб, 7,2 миллион нафар касаллик аниқланган шахслардан 3,2 миллион нафари соғломлаштирилди.
Қолаверса, 506 минг нафар 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган 495 минг нафар болага “A” витамини, 2-10 ёшдаги 6,2 миллион нафар бола учун гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши жорий этилиб, бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ 2,4 минг сўмдан 15 минг сўмга оширилди.
Албатта, соғлиқни сақлаш соҳасидаги бу каби ижобий ўзгаришлар, энг аввало, халқимизни тиббиёт тизимидан рози қилиш, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.