АсосийJamiyat

Ўзбекистонда бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича текширув ва мониторингни ўтказиш тартиби белгиланди

'Ўзбекистонда бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича текширув ва мониторингни ўтказиш тартиби белгиланди'ning rasmi

Мамлакатимизнинг 78 фоиз ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бўлиб, МСК – 64 шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори баллик йер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади.

Шу сабабли, мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асосларини такомиллаштириш, масъул давлат органларининг бу борадаги ваколатларини белгилаш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф етишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни Фанлар академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4794-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонун 5 боб, 26 моддадан иборат. Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги ҳамда давлат ҳокимияти органларининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилди.

Унга кўра:

- Вазирлар Маҳкамаси масъул давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, сейсмик хавф даражасини камайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни назорат қилади.

- Сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари аҳамиятига кўра 4 та тоифага бўлинмоқда:

·               хавфлилик омили паст (I тоифа, вақтинча павильонлар, киоскалар, омборлар в.б.);

·               ўрта (II, якка тартибдаги уй-жойлар (3 қаватгача), оромгоҳлар, умумий овқатланиш в.б.);

·               юқори (III, кўприклар, тоннеллар, йўл ўтказгичлар, ўрта ва кўп қаватли (3 ва ундан юқори) уйлар ҳамда меҳмонхоналар, таълим муассасалари в.б.);

·               ўта юқори (IV, сув омборлари тўғонлари, ГЭСлар, мудофаа объектлари, радиактив моддаларни сақлаш, тозалаш ва кўмиш объектлари в.б.);

- Бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича текширув ва мониторингни ўтказишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилмоқда:

·               I–IV тоифа объектлари ҳар беш йилда сейсмик мустаҳкамлик бўйича визуал текширувдан ўтказилади;

·               III–IV тоифа объектлари ҳар ўн йилда сейсмик мустаҳкамлик бўйича инструментал техник текширувдан ўтказилади;

·               сув омборлари тўғонлари ва гидроэлектр станцияларида инструментал техник текширувлар йилига икки марта ўтказилади;

·               ҳар бир кучли зилзиладан сўнг (5,0 магнитудали) сув омборлари тўғонларида зудлик билан инструментал техник текширувлар ўтказилади.

- Кучли зилзилалар натижасида зарар кўрган объектларни тиклаш Давлат бюджети, халқаро молия институтлари маблағлари ва бошқа тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

-Фуқароларнинг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Қонун Олий Мажлис Сенатининг 31-июль кунги ХVII ялпи мажлисида маъқулланган эди.

Қонуннинг қабул қилиниши қуйидаги имкониятларни яратади:

·               республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг иқтисодий ва ҳуқуқий асослари шакллантирилади;

·               республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф етиш ва ҳуқуқий тартибга солишнинг зарур даражасини таъминлаш учун самарали меъёрий-ҳуқуқий база яратилади.

Шунингдек, қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-иқтисодий самараларга олиб келади (аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлиги таъминлаш даражаси янги босқичга чиқади, соҳани узвий ривожланиши таъминланади, сейсмик мустаҳкам бино ва иншоотларни қурилиши сифати назоратга олинади).

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар