Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали 1 октябрь ҳолатига кўра 60 дан ортиқ вазирлик ва идора ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 13 827 та вакант лавозим бўйича танловлар эълон қилинган. Вакант лавозимларга жами 212 мингдан зиёд номзод томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширилган.
Ўтказилган танловларни вазирлик ва идоралар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, бугунга кунда энг кўп танловлар Давлат солиқ қўмитаси тизимида 2 243 та, Халқ таълими вазирлиги тизимида 1 915 та ва Молия вазирлиги тизимида 1 698 та танлов ўтказилган.
АОКАда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов иштирокида ўтказилган брифинг тафсилотлари:
Вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар
- ҳар бир номзоднинг вакант лавозим малака талабларига мослигини ўрганиш;
- тест орқали номзодларнинг билим даражасини синовдан ўтказиш ва психопортретини яратиш;
- ассесмент шаклидаги суҳбат босқичларидан иборат.
Мазкур тизимнинг аҳамиятли томони шундаки, танлов босқичлари бўйича маълумотлар онлайн тарзда ҳар бир номзоднинг порталдаги шахсий кабинетига юборилади, яъни ҳар бир босқич натижаси бўйича номзодларга асосланган жавоб берилади.






