Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги ва "TIKA" ўртасида туризм соҳасида фаолият юритаётган кадрлар малакасини ошириш мақсадида Вазирлик тасарруфидаги профессионал таълим муассасалари ўқувчилари учун ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил этилади.
Бунда ҳамкор томонлар ўртасида шу кунга қадар амалга оширилган лойиҳаларнинг давоми сифатида Вазирлик тасарруфидаги туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари учун 40 соатлик "Туризм ва турк тили" ўқув курси ташкил этилиши белгиланган, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот котиби.
Унга асосан, ушбу курснинг асосий мақсади бевосита туркиялик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи кадрларнинг тил билиш малакасини ошириш ҳамда соҳада фаол қўлланиладиган турк тилидаги сўз ва ибораларни ёшларга пухта ўргатиш, уларнинг турк тилидаги эркин мулоқот даражасини яхшилашдан иборат.
Қайд эитилишича,"TIKA"нинг тажрибали мутахассислари томонидан олиб бориладиган "Туризм ва турк тили" ўқув курси якунида иштирокчиларга сертификатлар тақдим қилинади.






