Мана, кузнинг ҳам икки ойини ортда қолдирдик, аммо октябрнинг иккинчи ўн кунлигида юртимизга кириб келган совуқ ҳаво оқими кўпчиликни, айниқса вилоятлардаги аҳолимизнинг аксарият қисмини анчагина шошириб қўйган бўлса, ажабмас. Яъни кутилмаганда эрта келган совуқ иссиқлик таъминотига нисбатан эҳтиёжни юзага келтирди ва бу вазиятга ҳали кўпчилик тайёр бўлмагани бор гап. Бундай дейишимизга сабаб бор: негаки, газетамизнинг аввалги сонларида аҳолимиз учун қулайлик яратиш мақсадида келаётган совуқ ҳаво оқимларида уйни иситиш учун кўмирни қаердан, қандай олиш ҳақида соҳа масъуллари ёрдамида маълумот тақдим этгандик. Ана шу чиқишлардан сўнг аҳоли томонидан кўмир таъминоти билан боғлиқ муаммоли вазиятлар бўйича яна саволлар кела бошлади. Ана шу мурожаатлар асосида биз яна мавзуга қайтдик ва кўмир таъминотига оид ўта муҳим мавсумий муаммога “Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Неъмат ДУШАЕВнинг амалий ёрдамида мутахассисларни жалб этган ҳолда ечим топишга ҳаракат қилдик.
БИР МУРОЖААТ МИСОЛИДА...
— Бир марта ҳам кўмир ишлатмадик ҳали. Кўмир йўқ деб мурожаат қилсак “Бўлади, бўлади” дейишдан нари боришмайди...
Аваз Маматқулов,
Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани:
— Ушбу мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланишича, мурожаатчи Аваз Маматқулов Олтинсой туманининг “Паҳлавон” маҳалласида истиқомат қилади. Ушбу маҳалла газлаштирилган, аммо 2012 йилда номаълум сабабларга кўра, тармоқдан узилган бўлиб, маҳаллий аҳоли амалда суюлтирилган газ ҳамда ўтин ва кўмирдан фойдаланади. Хусусан, куз-қиш мавсуми учун кўмир маҳсулоти тумандаги “Дуғоба” маҳалласида маҳаллий ҳокимлик томонидан беминнат ажратилган махсус кўмир омбори орқали тарқатилади.
Мурожаатчи билан ўтказилган суҳбатда А.Маматқулов ҳамқишлоқлари суюлтирилган газ ва кўмир масаласида қийналаётгани, хусусан, кўмир маҳсулотининг қопини 30-40 мингдан сотиб олишаётганини маълум қилди. Унга республика, шу жумладан, олтинсойлик аҳоли ҳам республика ҳукумати томонидан куз-қиш мавсуми учун эҳтиёжига яраша арзонлаштирилган маҳаллий кўмир билан таъминланиши тушунтирилди.
АРЗОНЛАШТИРИЛГАН КЎМИРНИ ОЛИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
— Ана шу мурожаатдан келиб чиқиб, арзонлаштирилган кўмирни олиш тартибини бошқа истеъмолчиларга ҳам яна бир бор тушунтириб ўтсангиз...
— Аҳолига арзонлаштирилган маҳаллий кўмир тарқатиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 июлдаги “Республикада кўмир брикетлари ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 177-сонли Қарори билан тартибга солинади. Унга кўра, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида дастлаб жойларда маҳалла раислари томонидан аҳолининг кўмирга эҳтиёжманд қисми аниқланиб, унинг реестри тузилади. Ушбу реестр маҳаллий ҳокимлик орқалиюқори ташкилотлар — вилоят ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланади.
Мазкур тасдиқланган рўйхат “Кўмир таъминот” МЧЖ тасарруфидаги кўмир омборларига юборилади ва давлат томонидан ажратилган кўмир ёқилғиси ана шу рўйхат ва тасдиқланган жадвал асосида тарқатилади.
Кўмир харид қилувчи фуқаро кўмир омборига мурожаат қилганида ёнида, албатта, шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт асли ва нусхаси) бўлиши керак. Шунингдек, кўмирни олиб кетиш учун ташқаридан юк автомашинаси ёллайди. Кўмир омбори маъмурияти томонидан харидорларга автотранспорт хизмати мавжуд эмас.
Кўмир олувчилар рўйхатига тушмай қолган хонадон эгалари (фуқаролар) улар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги маҳалла раисининг ҳузурига боради. Бунда фуқаронинг ҳақиқатда кўмирга эҳтиёжи борлиги аниқланса, маҳалла раиси олдин берган рўйхат бўйича шакллантирилган кўмир ёқилғиси умумий ҳажмини ўзгартирмаган ҳолда уни қўшади ёки кўмир олувчилар учун янги рўйхат шакллантириб бириктирилган кўмир омборига тақдим этади.
Афсуски, “Паҳлавон” маҳалласи аҳолиси, шу жумладан мурожаатчи А.Маматқулов (пенсионер)нинг кўмир сотиб олиш бўйича юқоридаги тартибдан тузукроқ хабари йўқ кўринади.
“Даракчи”га мурожаат бўйича “Кўмир таъминот” МЧЖ Сурхондарё филиали мутасаддилари томонидан “Паҳлавон” маҳалласи аҳолисининг кўмирга бўлган талаби ўрганилди ва 2021 йил 18 октябрь куни дастлабки 2 500 кг. кўмир маҳсулоти етказилиб, МФЙ мутасаддилари кузатувида талабгорлар хонадонларига тарқатилди.
Айни пайтда маҳалла аҳолиси кўмирга эҳтиёж сезган тақдирда МФЙ орқали Дуғроба кўмир омборига мурожаат қилиши тушунтирилди. Кам таъминланган, имконияти чекланган фуқароларга кўмир маҳсулоти МФЙ билан ҳамкорликда улар хонадонига етказиб бериш чоралари кўрилади.
МАЪЛУМОТ УЧУН
Шу ўринда “Ўзбеккўмир” АЖнинг таҳририятимизга тақдим этган бир маълумотига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, яъни маълум қилинишича, 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун Олтинсой тумани аҳолисига тасдиқланган 2500 тонна кўмирнинг 19 октябрь ҳолатига 1384 тоннаси етказиб берилди. Шунинг 1253 тоннаси сотилган. Айни пайтда омборларда 39 тонна захира ёқилғи мавжуд. Демак, олтинсойликларда бу йил кўмир таъминоти муаммоси бўлмайди, деган умиддамиз. Агар юқорида келтирилган тартиб асосида мурожаат қилиб эҳтиёжга қараб кўмир ололмасангиз, биз яна сиз учун масъуллар эшигини қоқишга тайёрмиз.
РЕСПУБЛИКА БЎЙИЧА ЭСА...
2021/2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика аҳолисига 985 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Шунинг 705 минг тоннасини маҳаллий, 280 минг тоннасини импорт кўмир ташкил этади.
Йил бошидан буён 19 октябрь ҳолатига республика аҳолисига 497 701 тонна кўмир етказиб берилди. Айни кунларда мавжуд омборларда 33 979 тонна кўмир захираси мавжуд.
ЯНА БИР МУҲИМ ВАЪДА
Шунингдек, “Кўмир таъминот” МЧЖ Сурхондарё филиали раҳбари Ҳумоюн Пўлатовнинг таъкидлашича, вилоят, шу жумладан Олтинсой тумани аҳолисига кўмир етказиб бериш бўйича тасдиқланган режани шу йилнинг 1 декабрига қадар тўлиқ бажаришнинг барча имкониятлари ишга солинмоқда. Шундай экан, ҳудуд аҳолиси бехижолат кўмир олиш учун юқорида келтирилган тартибда мурожаат қилавериши мумкин.
"КЎМИР СИФАТСИЗ" ДЕГАН МУРОЖААТЧИЛАРГА ҚАНДАЙ ЖАВОБ БОР?
— Аҳоли кўпинча етказиб берилаётган кўмирнинг сифатидан ҳам норози бўлади. Бу борада қандай изоҳ бера оласиз?
— Сифат масаласи доимий эътиборда. Истеъмолчиларни рози қилиш учун айни кунларда уларнинг талабига қараб кўмир бир неча фракцияларда юклаб жўнатилмоқда.
Ўтган йили “Ангрен” кўмир конида янги кўмир юклаш пункти қуриб ишга туширилди. Натижада бюджет ташкилотлари учун суткасига 5 минг тоннагача ёқилғи юклаш имконияти вужудга келди.
Яқинда “Ангрен” кўмир конига Японияда ишлаб чиқарилган қиймати 1 млн. долларлик Hitachi русумли экскаватори келтириб йиғилди. Одатдаги кон экскаваторлари бажара олмайдиган нозик ишларга мўлжалланган ушбу техника тўла қувват билан ишга туширилса, истеъмолчиларга етказиб берилаётган кўмир сифати янада яхшиланади.
Ўрни келганида қайд этиб ўтиш керак, кўмир сифати масаласида аҳоли ўртасида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Яъни кўпчилик кўмирга унинг ташқи кўриниши (донадор-хока)га қараб баҳо беради. Мутахассислар эса аксинча намлик, ёнувчанлик, колориялик даражаси ва бошқа қатор унсурларини биринчи ўринга қўядилар.
ҲАР БИР ХОНАДОН УЧУН ТАСДИҚЛАНГАН ҲАЖМ БОРМИ?
— Яна бир муҳим савол: нега аҳоли маҳаллий кўмирни истаганча сотиб олиши мумкин эмас? Ўзи ҳар бир хонадон учун белгиланган меъёр қанча?
— Шиддатли тараққиёт энергия ресурсларига талабни кескин ошириб юбормоқда. Табиий газ, электр энергияси манбалари эса чеклангани ҳеч кимга сир эмас. Кўмир захираси ҳақида бундай деб бўлмайди. Негаки захира етарли. Ўзбекистон ҳудуди, хусусан, “Ангрен” кўмир ҳавзасида аниқланган захиралар 1,8 млрд. тоннани ташкил этади. Ҳозирги вақтда ушбу ҳавзадаги мавжуд учта кондан йилига ўртача 4 млн. тонна “қора олтин” қазиб олинмоқда. Ҳозир бор қувватлар шунча қазиб олиш имкониятига эга. Республикамизда кўмирга бўлган талаб эса йилдан-йилга ошиб, ҳозирда 6 млн. тоннага етган.
Ҳозирча маҳаллий кўмир аҳоли талаб эҳтиёжига қараб, аввалдан тасдиқланган ҳажмда чакана савдога чиқариб турилибди. Сабаби, уни омборда узоқ сақлаш зарар. Иккинчидан, маҳаллий кўмир арзонлаштирилган бўлиб, чайқовга чиқиб кетишининг олдини олиш, фақат эҳтиёжманд ва кўпроқ кам таъминланган аҳолига етиб боришини таъминлаш мақсадида шундай қилинмоқда. Бу вақтинчалик чора.
Юқоридаги омилларга кўра, кўмир аҳолига ҳар бир вилоятда куз-қиш мавсумининг узун-қисқалигига қараб ҳамда хонадондаги оилалар сонидан келиб чиқиб, 1,5 тоннадан 2 тоннагача берилади.
НАМАНГАНДА КЎМИРНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?
ЯНА БИР МУРОЖААТГА ЕЧИМ ИЗЛАБ...
— Мен Намангандан мурожаат қиляпман. Газетанинг ўтган сонларида “Ўзбеккўмир” масъуллари кўмир нархининг (1 тоннаси)ни 300 минг 300 сўм деб маълум қилишганди. Аммо биз томонда бир тонна кўмир нархи 850 минг сўмдан сотиляпти. Қайси бири тўғри?
— Аҳоли томонидан кўмирнинг белгиланган нархдан қиммат сотилаётгани ҳақида ана шу каби мурожаатлар ҳам кам эмас, бу ҳолатга қандай изоҳ берасиз?
— Куз-қиш мавсуми учун республикамиз аҳолисига икки хил — маҳаллий ва импорт кўмир таклиф этилган. Маҳаллий кўмир арзонлаштирилган ва қатъий белгиланган нархда, импорт кўмир эркин нархда сотилмоқда.
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, нисбатан қимматлиги учун аҳолида импорт кўмирга талаб кам. Аксинча, маҳаллий кўмирга эҳтиёж юқори. “Ўзбеккўмир” АЖ ана шу талаб-эҳтиёжларни инобатга олиб, маҳаллий кўмир етказиб беришни кўпайтирмоқда. Айни кунларда “Ўзбеккўмир” АЖ ҳузуридаги “Кўмир таъминот” МЧЖнинг республикамиз бўйича 102 та ҳудудий кўмир омбори ва шохобчалари ишлаб турибди.
Маҳаллий (Ангрен) кўмирнинг чакана нархи (1 тоннаси) — 300 300 сўм.
Сизга “Кўмир таъминот” МЧЖ ҳудудий омборларида маҳаллий кўмир ўрнатилган қатъий нархлардан юқори сотилаётган бўлса, қуйидаги ишонч телефонларига мурожаат қилинг:
“Ўзбеккўмир” АЖ — (78) 150-39-80, (78) 148-30-03
“Кўмир таъминот” МЧЖ — (71) 244-38-28.
Шунингдек, ҳудудингиздаги кўмир таъминоти ва сифати, етказиб берилишига оид муаммоли вазиятлар ҳақида ҳар ҳафта душанбадан жумага қадар соат 10:00 дан 16:00 гача таҳририятимизнинг (+998 95) 194-64-16 телефон рақамига қўнғироқ қилиб билдиришингиз ёки @darakchipochta телеграм манзилига мурожаат қилишингиз мумкин. Биз сизни қизиқтирган масалага масъуллар билан ечим топишга кафилмиз.
"ЎЗБЕККЎМИР" АЖ МУРОЖААТ БИЛАН ЧИҚДИ
“Ўзбеккўмир” АЖ шу ўринда маҳаллий ҳокимликлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига мурожаат билан чиқди. Мурожаатда маҳаллий ҳокимликлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларидан аҳоли томонидан куз-қиш мавсуми учун ўзларига ажратилган кўмирни ўз вақтида харид қилишларида амалий ёрдамларини аямасликлари сўралмоқда. Зеро, омборга келтирилган кўмир ёқилғиси эгасини кутиб омборда узоқ қолиб кетса, унинг сифати пасаяди. Харид қилинган ёқилғининг сифати бузилмаслиги учун истеъмолчилар уни махсус омборларда, қуёш нури тушмайдиган, усти ёпиқ жойларда сақлаш тавсия этилган.
ДАРВОҚЕ...
Ушбу мавзуни суриштириб, ўрганиш натижалари ва масъуллар изоҳини нашрга тайёрлаётганда биз яна мурожаатчи фуқаролардан бири Сурхондарёнинг Олтинсойидан бўлган Аваз Маматқулов билан боғландик. Мурожаатчи кўмир таъминотига оид мурожаати ечим топганидан ва амалдаги тартиблардан хабардор қилинганидан миннатдорлигини билдирди. Ҳудудга аллақачон кўмир етказиб берилгани ва аҳолига тарқатиш ҳаракати бошланганини маълум қилди. Биз мурожаатлар мисолида ҳудудлардаги аҳолининг мавсумий, яъни кўмир таъминотига оид муаммолари ечими топилгани, бунга ҳиссамиз қўшилганидан хурсандмиз. Аслида давлатимизнинг бугунги сиёсатидаги бош мезон — халқ розилиги ана шу эмасми?
Барно МАДАЛИЕВА