2021-йил 3-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Стокголм шаҳрига амалий ташрифи доирасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳелга Шмид билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ЙХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан қайд этдилар. Трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, давлат бошқарувининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглиги тамойилларини илгари суриш каби йўналишларда конструктив мулоқотни фаоллаштиришдан томонларнинг бирдай манфаатдор экани таъкидланди.
Ҳ.Шмид ЙХҲТнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиладиган Марказий Осиёда БМТ Глобал терроризмга қарши кураш стратегиясининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференсиянинг ташкилотчиларидан бири сифатида иштирок этишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Афғонистон масаласи, жумладан ушбу мамлакатни низодан кейинги тиклаш бўйича Ташкилотнинг ўзаро келишилган позициясини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.