Таҳлилда болалар билан содир этилаётган автоҳалокатлар статистикаси билан танишишингиз мумкин.
Сўнгги вақтларда йўл транспорт ҳодисаларининг деярли “пауза” қилмасдан содир бўлаётгани ачинарли ҳол. Кундалик ҳаётимизда учраётган ё кўрган, ёки эшитган, балки иштирокчи сифатида қатнашган бу бахтсиз ҳодисаларнинг охири борми?
Ҳар куни телефонимизни эҳтиёж учун қўлимизга олганимизда маълум жой ва шахслар иштирокидаги ЙТҲларнинг тафсилотига кўзимиз тушади. Деярли бу оддий воқеликдек бўлиб қолди. Аммо техника баллонлари остида қолаётган мурғак болаларнинг ўлими жамият учун, келажак, балки ота-она орзу – мақсади учун ҳам фожеа эмасми?
Келинг, йил бошидан содир бўлган автоҳалокатлар ҳақида ижтимоий статистикани кўриб чиқамиз.
Қайд этилишича, январь-октябрь ойларида содир бўлган 7 684 та йўл-транспорт ҳодисасида 1 964 киши ҳалок бўлган, 6 886 киши эса жароҳатланган. Бу рақамлар узоқ карантин чекловлари амал қилган 2020 йилдаги жами кўрсаткичлардан ҳам ошишга улгурган.
Энг ачинарлиси, болалар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари рақамлари юқоридаги фактлардан ҳам кўпроқ.
Вилоятлар кесимида энг кўп автоҳалокатга учраган болалар 2018 йилдан бери Тошкент вилоятидир. Шунингдек, “биринчиликни” “қўлдан бой бермаётган” Тошкент шаҳри ҳам шу қаторга киради.
2019 йилда ҳам бу статистика ўз ўрнини “йўқотмаган”. Бу вақт орасида 170та бола нобуд бўлган бўлса, 1001 та бола турли жароҳатлар олган. 2020 йилда эса мазкур рақамлар 1689ни ташкил қилади.
Куни кеча, “Facebook”да бир журналист Саидносир Усмонов шахсий саҳифасида айнан шу масала, яъни, болалар билан боғлиқ йўл транспорт воситаси ҳақида қуйидагича изоҳ қолдирган:
“…Хизмат сафаридан қайтдим. Минг бир алам ва шум хабар исканжасидаман. Бундан бир йил аввал опамнинг 11 ёшли ўғли ЙТҲ қурбони бўлган эди. Энди синглимни 14 ёшли ўғли ЙТҲ ҳодисасига учраб касалхонада кома ҳолатида ётибди.
Қанчалар аламли изтироб... Ҳар куни ўнлаб пиёдалар, мурғак қалб эгалари машина ғилдираклари тагида қолиб кетмоқда. Йўллардаги бетартиблик, билиб-билмасдан машина ҳайдаётганлар касрига кимдир яқинидан, жигаргўшасидан айрилмоқда ва бу ҳолатлар юзлаб одамларнинг умрбод мажруҳ бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда”.
Мазкур рўй бераётган ҳодисаларда асл айбдор ким? Ўпкасини қўлтиқлаган шофёрми, ёки огоҳликни йўқотган йўловчи?
Яқинда қонунчилигимизда тезликни оширганлик учун жарима миқдори камайтирилиши ҳақида “янгилик” бўлди. Бу қайсидир маънода, кимларнингдир чўнтагига фойда бўлган бўлса, айрим инсонларнинг умрига зомин бўлибди!
Ҳақиқатдан ҳам, баъзида яшил чироқ ёнса ҳам чорраҳани кесиб ўтишга иккиланамиз, сабаби, қизил чироқни ҳам писанд қилмайдиган шошқалоқ таксичилар, (яна қонунчиликка қайтишга мажбурман) 2021 йил 1 декабрдан кучга кириши кўзда тутилган “права”сиз машина ҳайдашга ва рулда телефондан фойдаланишга рухсат берилиши мумкинлигини билган 20 ёшга ҳам тўлмаган ўсмирлар борлигидир.
Бундан ташқари, кўчаларнинг қатнов қисмигача турли маиший дўконларнинг чиқиб кетгани, бозорлар, дам олиш жойларидаги тирбандликларда содир бўлаётган автоҳалокатлар ҳам одамни чўчитади. Агар кўчлардаги тартибсизликларнинг олдини олиш бошланса, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, занжирдек бир-бирига уланган тизимларни ҳаммасини тартибга солишга тўғри келиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон омили хавфсизлигини таъминлашда нафақат ўзимиз, балки қонунларимиз, йўл транспорт ҳодисаларнинг олдини олишда масъул бўлган шахсларнинг ҳам биргаликдаги ҳамкорлиги жамият келажаги учун жуда муҳимдир!
Асосийси, болаларнинг ўлими умуман бўлмаслиги, ота-она, ҳайдовчининг масъуллигига боғлиқ.