АҚШнинг Жанубий Флорида штатида яшовчи, 20 йилдан бери кўзи ожиз бўлган 70 ёшли Мэри Энн Франконинг кўзлари очилди, деб хабар берди “Gazeta.ru” нашри.
“Эрталаб уйғониб, дарахтлар орасидан қуёш нурларининг порлаб турганини кўриб, ҳаяжонга тушяпман”, дейди аёл хурсанд бўлиб.
1995 йилда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, умуртқасидан тан жароҳати олган Мэри Энн Франконинг кўзи кўрмай қолган эди. Яқинда аёл йиқилиб, бўйнини қайириб олди. Қўли ва белидаги оғриқни енгиллаштириш мақсадида ўтказилган жарроҳлик операциясидан сўнг унинг кўзлари кўра бошлади.
“Бундай воқеага илгари гувоҳ бўлмаганман. Қўшимча қон оқими кўзнинг очилишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирча бу назария, холос”, – дейди аёлни операция қилган нейрожарроҳ Жон Афшар.
Нашрнинг хабар беришича, Мэри Энн Франкода ЙТҲгача мавжуд бўлган дальтонизм касаллиги ҳам йўқолган.