Бу ҳақда 28 декабрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида айтиб ўтилди. Ушбу тадбирдан вазирлик ахборот хизматининг хабар қилишича, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида (IT Park) бўлиб ўтган йиғилишда Вазирликнинг марказий аппарати, тизимдаги корхона ва ташкилотлар ва таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этишган.
Ҳайъат йиғилишини Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Ҳайъат раиси Ш. Шерматов олиб борган, шунингдек, мажлисда Ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда соҳани янги босқичга олиб чиқиш масаласининг ижросини ташкил этиш вазифалари муҳокама этилган.
“Давлатимиз Раҳбари айнан ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича алоҳида устувор вазифаларни белгилаб бердилар. 2028 йилга қадар дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 1 миллиарддан оширишни асосий мақсад сифатида белгилаб олдик. Шунда ИТ Парк ҳам ўзига хос мегапроектга айланади. Унинг бошқа соҳалар экспортидан жуда катта фарқи ҳам бор, яъни бундай экспортда Ўзбекистонда қўшилган қиймат деярли 100 фоиз бўлади, уни амалга ошириш учун қўшимча импорт маҳсулот ёки ҳомашё керак бўлмайди.
1 та экспортда ишлайдиган ходим 2000 доллар ўртача ойлик олса, бир йилда унинг маошининг ўзи 24 минг доллар экспорт даромадини олиб келади, шундай ходимларнинг сони 40 мингдан ортса, уларнинг ойлигини ўзидан деярли 1 миллиард доллар экспорт даромади юртимизга кириб келади. 4,5 йил аввал дастурчилар учун Президент Фармони билан алоҳида солиқ муҳити яратилганидан кейин, дастурлаш хизматлари 50 баробардан ортиқ ошгани фақат бошланғич қадам бўлди– дейи АКТ вазири.
Шу билан бирга Ш.Шерматов Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича олиб бориладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича вазифаларни белгилаб берган.
Йиғилишда электрон ҳукумат тизимини жорий этиш ва шу йўналишдаги рейтингда юқорига кўтарилиш муҳим эканлиги қайд этилган.
"Энг биринчилардан бири бу – инфратузилма компоненти, яъни қишлоқ жойларгача юқори тезликдаги интернетни етказиб бориш долзарб вазифа бўлиб турибди. Уч йил давомида асосан ижтимоий-сиёсий объектларга оптик тола тортилиши бўйича катта ишлар амалга оширилди. Энди шу олиб борилган оптик толани ўша жойларда яшайдиган аҳолига етказиб бериш қолди. Бунинг учун биз жойлардаги портлар сонини камида 1 миллионтага оширишимиз керак. Шунда камида бир миллионта қўшимча абонентга хизмат кўрсатишга имконият бўлади", – дейди Ш. Шерматов.
Йиғилишда қайд этилишича, 2022-2026 йилларда АКТ соҳасини ривожлантириш учун умумий қиймати 1,5 миллиард доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширилади.






