АсосийShou-biznes

Янги истеъдодларни кашф этган “Куйла ёшлигим” Республика эстрада хонандалари танлови якунланди(Фото)

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёшларнинг эстрада йўналишида ўз истеъдодларини намоён этишлари учун ижодий майдон яратиш, эстрада хонандалиги бўйича ижро маҳоратини ошириш, ўзбек миллий эстрада санъати анаъаналарини тарғиб этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамкорликда ташкил этилган “Куйла, ёшлигим!” номли эстрада хонандаларининг республика танловининг Республика босқичи якунланди, деб хабар беради “Popcorn.uz”.

Танлов 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ҳаваскор ижодкорлар ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб, биринчи ҳудудий босқичи март-апрель ойиларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар миқёсида ўтказилди. Мазкур биринчи ҳудудий босқичда жами 1000 нафарга яқин иштирокчилар жалб этилиб шулардан,48 нафар иқтидорли иштирокчилар республика якуний босқичига ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Танловнинг республика якуний босқичи, тақдирлаш маросими ва гала-концерти 12-13 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ёшлар ижод саройи”да ўтказилиб, унда эстрада хонандалари “Ниҳол” мукофоти совриндори Ирода Дилроз, хонанда Умар Шамсиев ҳамда “COMEDY.UZ” резидентлари йиғилганларга аъло кайфият улашди.

Иштирокчиларнинг чиқишларини соҳанинг малакали мутахассислари Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Азим Муллахонов ва Козим Қаюмов, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ирода Дилроз шунингдек, бастакор Шухрат Зокировлардан иборат Ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар. Оқилона ва адолатли ҳакамларининг қарорига кўра,Тошкент шаҳридан иштирок этган Сардорбек Турсунов барча йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлиб танловнинг ғолиби дея эълон қилинди.

Шунингдек, самарқандлик Марям Ғофурова 2-даражали диплом, Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган Турдимурот Тлеумуратов 3-даражали дипломи соҳиби бўлдилар ҳамда кучли учликни эгаллаган иштирокчилар ўз ҳудудларида фаолият юритаётган овоз ёзиш студияларида бепул қўшиқ ёзиш имкониятини берувчи сертификатни ҳам қўлга киритди.

Кўрик-фестивалнинг фаол иштироки учун Наманган санъат коллежи талабалари Шаҳбоз Ҳомидов ва Аброрбек Абдураззақов, пойтахтлик ёшлар Дилафрўз Илёсова, Акамалхўжа Холхўжаев, Севара Нуралиева ҳамда Самарқанд вилоятидан Рустам Рустамовлар фаол иштироклари учун Ёшлар маданият ва санъат марказининг фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

    Бошқа янгиликлар