Гулбаҳор Саидова 40 ёшида илк бор 55 ёшли Дилшод Саидовга турмушга чиқди. Улар 3 йил бирга тотув оила бўлиб яшашди. Аммо улар фарзандли бўлишмади. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Шундан сўнг, улар ЭКО услубидан фойдаланиб сунъий уруғлантириш орқали эгизак ўғил фарзандли бўлишди.
Бахт узоққа чўзилмади. Чақалоқлар 3 ойлик бўлганида болалар шифокори кўрик жараёнида эгизакларда ногиронлик аломатлари борлигини маълум қилди. Аёл эса бу дардга бардош беролмай ўз жонига қасд қилди.
Бухоролик Дилшод Саидовнинг айтишича, аёлининг яқинлари бўлиб ўтган ишларда айнан уни айблашаётгани қаттиқ зарба берган.
— Мен аёлимни жуда қаттиқ ҳурмат қилганман ва яхши кўрганман. Умримнинг энг яхши кунларим шу аёлим билан бирга ўтди. Биз фарзандлик бўлишни жудаям истагандик. Уч йил ичида олмаган муолажаларимиз, кўринмаган шифокорларимиз қолмади. Кейин охири ЭКО деган усулдан фойдаландик. Усул ўз самарасини берди, биз фарзандлик бўлдик.
Фарзандларим 1 ойлик бўлганида инжиқлик қилишни бошлашди. Чақалоқларнинг бирида бўйин қийшайиши, иккинчисида эса оёқ қийшайиш аломатлари юзага чиқа бошлади. Аёлим бундай дардни кўтаришга ўзида сабр тополмади. Ўзини осиб қўйди. Ҳарбий бўлганим учун биринчи ёрдам кўрсатиш усулидан хабарим бор эди. Ҳаво бердим, юрак массажини қилдим, аммо жуда кеч эди. Қўлимда икки гўдак қолиб кетди. Ҳаттоки, мени аёлимнинг ўлимида ҳам айблашди, фарзандларимни ҳам олиб қўйишмоқчи бўлишди.
Лола Исакова, психолог
— Жонига қасд қиладиган одам бир кунда жонига қасд қилмайди, унинг руҳий ҳолатида ўзгаришлар бўлади. Яъни одам ўзини ўлдиришга руҳан тайёрлайди. Аёл стрессга, депрессияга тушади, бу ўзгаришларни турмуш ўртоғи сезмаслигининг иложи йўқ эди. Мен аминман, аёлида ўзгариш сезган, лекин негадир психологга олиб бормай бунга кўз юмган.
Абдусамад Тоғаев, исломшунос
— Инсон тушкунликка тушиб қолса яқинларидан паноҳ ва нажот истай бошлайди. Агар озгина кўнгилга малҳам топа олса, бу йўлдан қайтиши мумкин. Ўтиб кетади, деб эътибор берилмаса инсон ўз ҳаётини ўзи билмаган холда шайтонга топшириб қўяр экан. Ўз жонига қасд қилишни ҳаёлидан ўтказиш энг катта гуноҳ. Бу гуноҳга нафақат ўзи балки яқинлари ва энг азиз инсонларини ҳам гуноҳкор қилиб кетар экан. Мана шу нарсани ўйлаш керак.
Дурдона Рахматуллаева, Генеколог
— Ҳомилани, яъни, етилган тухумдон ва сперматозоидни бачадон ичида эмас, балки ташқарида уруғлантириб сўнг бачадонга имплантация қилиб экиб қўйиш ЭКО деб айтилади. ЭКО муолажасидан сўнг жуфтликларга ҳеч қачон фарзандинг 100 фоиз соғлом ёки нуқсон билан туғилади, деб айтмаймиз. Кўп ҳолатларда бола соғлом дунёга келади, баъзиларида эса нуқсонлар кейинроқ пайдо бўлади. Шу сабаб биз оилаларни ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишларини аввалдан огоҳлантирамиз. Бу жараёни психолог билан ҳамкорликда олиб борилади.