1

“Такси” фильми қаҳрамонини Каннда Украина ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ушлашди

ДУНЁ 18.05.2016, 15:12
“Такси” фильми қаҳрамонини Каннда Украина ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ушлашди

Машҳур “Такси” фильми бош қаҳрамони ролини ўйнаган, француз актёри Сами Насери Каннда полициячилар томонидан украин ҳайдовчилик гувоҳномаси билан қўлга олинди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

54 ёшли актёр автомобиль бошқариб кетаётганда, полициячилар уни тўхтатиб, ҳужжатларини кўрсатишни сўрашган. L'Express нашрининг хабар беришича, Насери йўл-ҳаракати қоидаларини кўп бора бузганлиги учун француз ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинган. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида полициячилар уни маҳкамага  таклиф қилишган. Аммо орадан 20 дақиқа ўтар-ўтмас, полициячилар Сами Насерини қўйиб юборишган. 

Актёрнинг ўзи айбини тан олмади. “Агар ҳайдовчилик гувоҳномам бўлмаганда, полициячилар мени қўйиб юбормаган бўлишарди. Украина давлатига тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасини ўша ерда фильм суратга олинаётганда олганман”, деди машҳур актёр. Унинг айтишича, 2016 йилнинг сентябрь ойигача украин ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиши, кейин эса француз ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириб олиши мумкин экан.

Францияда бошқа мамлакатнинг ҳайдовчилик гувоҳномасидан чегарадан ўтгандан кейин бир йил мобайнида фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Унинг амал қилиш муддати тугаганда полиция участкасида янгилаш лозим бўлади.

Тўрт қисмдан иборат “Такси” фильмида Даниэл Моралес ролини Сами Насери ўйнаган. Бу фильм Франция кино тарихидаги энг муваффақиятли фильмлардан бири саналади. У илк маротаба намойиш этилгандаёқ,  жаҳон прокатидан 200 миллион доллар маблағ тўплаган.

2015 йилда Сами Насери агар таклиф қилишса, Россия паспортини олишга розилигини билдирган эди. Чунки ўша пайтда актёр Санкт-Петербургда, режиссёр Григор Гярдушяннинг Rock & Road фильмида суратга тушаётганди. 

Насери ўзининг жиззаки феъл-атвори, урушқоқлиги билан ном чиқарган. 2015 йилнинг март ойида собиқ хотини билан жанжаллашгани туфайли қамоққа олинган бўлса, сал илгари бир аёлга пичоқ ўқталгани, 2013 йилда оғуфурушлар билан ёқалашгани, 2011 йилда эса собиқ севгилисининг йигитига пичоқ ўқталиб, ҳужум қилгани учун 16 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1