Саволим шундан иборатки, мен фарзандим учун собиқ турмуш ўртоғимдан алимент оламан. Собиқ турмуш ўртоғим 2 йил аввал Россия давлатига ишлашга кетган. Тўланиётган алимент сўммаси етмаяпти. Шуни кўпайтирсам бўладими?
АОКАда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева аҳолидан келган муҳим мурожаатларга жавоб қайтарди.
"Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 99-моддасига асосан агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан: ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
- бир бола учун — тўртдан бир қисми;
- икки бола учун — учдан бир қисми;
- уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Сиз тегишлилиги бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш орқали алимент миқдорини кўпайтириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз мумкин"






