АсосийJamiyat

Бугун Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

'Бугун Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун'ning rasmi

Бугун "Бобурийлар" салтанатига асос солган давлат арбоби ва таниқли шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур  таваллуд топган кун. У мазкур сулоланинг бунёдкорлик ва маърифатпарварлик ишларини олиб боргани тарихдан яхши маълум. 

Заҳириддин Муҳам­мад Бобур 1483 йил 14 февралда Андижон шаҳрида туғилган. Отаси, Амир Темурнинг панневараси Умаршайх Мирзо Фаргона вилояти ҳокими булган ва онаси Қутлуг Нигор хоним Тошкент хонлари авлодидан бўлган. 1494 йили Умаршайх Мирзо вафот этгач, 12 ёшли Заҳириддин тахтга ўтириб, Фаргона ҳокими бўлган. Аммо тахтга ўгиргандан кейинги 11 йил давомида Ўрта Осиёда рўй берган турли сиёсий ўзгаришлар уни қариндошлари ва 250 тача пиёда аскарлари билан аввал Бадахшон, сўнг Кобулга кетишга мажбур этган.

Бобур Ҳиндистонда йирик давлат тузишга муваффақ бўлган ва пойтахт сифатида Жамна (Ямуна) дарёси бўйидаги Агра шаҳрини танлаган. У 1530 йил 26 декабрда вафот этган. Дастлаб Агра шаҳридаги муваққат мақбарага дафн этилган, кейинчалик хоки Афгонистон пойтахти Кобулга кўчирилган ва ҳозирда шоирнинг мақбараси Кобулдаги Боғи Бобурда жойлашган.

 Заҳириддин ёшлигиданоқ турли саёҳатларни яхши кўргани ҳақида маълумотлар бор. Бундай сафарларда чиниққан ҳам. Ёш бўлишига қарамай, ўлкамизнинг географик қиёфасини тасаввур қила олган. Олим 15-16 яшарлигида Фарғона, Самарқанд ва Тошкент оралиғини бир неча марта кезиб чиққан. 19 ёшга тўлган йили Ҳисор тарафидан тоққа кўтарилиб, Фондарё ва Искандаркўл орқали Зарафшон водийсига ўтиб, Самарқандга келган. У бу ҳақда шундай ёзади: 

"Қамруд дарасига кириб, юқори томонга қараб кетдик. Тор ва учма йўлларда, баланд ва тик довонларда кўп от ва туя қолди. Уч-турт манзил қўниб, Сиратоғ довонига етдик. Довонмисан-довон. Ҳеч қачон бундай баланд ва учма йўллар билан юрмаган эдик. Кўп ташвиш ва машаққатлар билан хатарли тор ва учмалардан ўтиб, юз азобу заҳматлар билан ҳалокатли баландликлар, тор довонлардан ошиб, Фон туманига келдик. Фон тоғларининг орасида бир катта кўл бор, унинг муҳити - сатҳи тахминан бир шаърий келади, ажаб кўлдир, ғаройиботдан ҳоли эмас..."

 Бобурнинг мазкур сафари бундан 480 йилча илгари амалга оширилганлигини инобатга олсак, унинг саргузаштларга қанчалик ишқибоз бўлганига амин бўлиш мумкин.

Олимнинг яратган бадиий асарлари билан бир қаторда Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон давлатларининг географияси, тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, табиати, этнографияси ва тиббиётига оид муҳим маълумотларни ўзида акс эттирган "Бобурнома" алоҳида ўрин тутади. "Бобурнома" Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Фарғонадаги ёшлик чоғларидан то Ҳиндистонда подшоҳ бўлганигача бошдан ўтказганларининг муфассал таърифидир.

Шуниси эътиборлики, исталган фан ёки касб вакили мазкур китобдан ўзи учун керакли маълумотни топа олади. "Бобурнома" эски ўзбек тилида ёзилган бўлиб, замонавий ўзбек тилига ўгирилган.

Бобурнинг қолдирган илмий мероси муҳим тарихий-географик манба сифатида ҳозирги вақтда ҳам олимлар томони­дан кенг ўрганилмоқда. Ушбу шоҳ асар араб, форс, ҳинд, инглиз, немис, француз, голланд ва турк тилларига таржима қилинган бўлиб, кўплаб нусхалари жаҳоннинг нуфузли кутубхоналарида сақланмоқда. Марказий Осиёни ўрганган венгриялик сайёҳ А.Вамберининг фикрича, Бобурнинг "Бобурнома"си Юлий Цезарнинг "Комментария"лари каби жаҳон адабиётида катта ўрин эгаллайди.

    Бошқа янгиликлар