Пайшанбага ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудида «махсус ҳарбий амалиёт» бошланганини эълон қилди. Бундан мақсад, Путиннинг иддоасига кўра, «Киев режими томонидан саккиз йилдан бери таҳқирланиб, геноцидга дучор қилиниб келаётган одамларни ҳимоялаш», «Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш» ҳамда «тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан Россия Федерацияси фуқароларига қарши кўплаб қонли жиноятларни содир этганларни судга тортиш»дир. Бу ҳақда Халқаро шаҳловчи Абдували СОЙИБНАЗАРОВ ёзмоқда.
Украина пойтахти Киев, Харков ва бошқа шаҳарларида портлашлар рўй бергани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги шаҳарларни эмас, Украина ҳарбий объектларини нишонга олаётгани ҳақида маълум қилди. Украина Президенти Владимир Зеленский бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди. Президент Зеленский сўзларига кўра, аэродромлар ва бошқа инфратузилмалар ҳужумга тутилган. Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг ҳарбий мудофаа тизими ва авиа базалари ишдан чиқарилгани ва Украина чегарачилари ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаётгани ҳақида хабар тарқатди. Украина чегарачиларига кўра, Украина ҳудудига нафақат Россия, балки Белорус ҳудудидан ҳам ҳужум қилинган.
Беларус президент Александр Лукашенко эса Беларус ҳарбийлари Россия Донбассда ўтказаётган махсус амалиётда иштирок этмаётгани ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда Беларус ҳукуматига тегишли БелТА хабар қилди.
Аввалроқ Украина чегара хизмати: «Соат 5:00 лар чамасида Россия Федерацияси ва Беларус Республикаси билан давлат чегарасига рус қўшинлари ҳужум қилди. Уларни Беларус қўллаб-қувватламоқда», деб маълум қилганди.
Украина чегара хизматининг билдиришича, «чегара қисмларига, патруллар ва ўтказиш пунктларига ҳужум» артиллерия, оғир ҳарбий техника ва ўқотар қуроллар воситасида амалга оширилмоқда. Лукашенко 24 февраль куни эрталаб Путин билан телефон орқали мулоқот қилганини айтди ва «Путин амалиёт ўтказишдан мақсад Донеск ҳамда Луганск вилоятларида аҳоли геноцидини тўхтатиш эканини билдирди», деб маълум қилди.
CNN телеканали Беларус — Украина чегараси ҳудудига жамланган Россия ҳарбий техникаси акс этган видеони намойиш этди. Хабарда видео Беларуснинг Веселково ва Украинанинг Сенкова аҳоли пунктлари чегарадош бўлган ҳудудида соат 6:48 да олингани айтилган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши жанговар ҳодисалар бўйича мажлисга йиғилган. БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш «Президент Путин, қўшинларингизни Украинага ҳужум қилишдан тўхтатинг!», дея мурожаат қилди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Украина вакили Россияни уруш бошлашда айблади. Россия вакили айтишича, бу «оқланган ҳарбий амалиёт».
Бутун Украина бўйлаб авиа қатновлар тўхтатилган.
АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украинага ҳужумини қоралади ва уни «асоссиз босқинчилик» деб атади. Гувоҳларга кўра, ҳозирда Украина ҳудудига тинимсиз ракета отилмоқда. Украина ИИВ ҳарбий бошқарма марказлари, аэродромлар, ҳарбий омборлар нишонга олинаётгани, Киев, Харков, Днепрга ракеталар отилаётгани ҳақида маълумот тарқатди.
Россия Мудофаа вазирлиги ракета зарбалари Украина шаҳарларига эмас, ҳарбий инфратузилма, авиация, ҳавога қарши мудофаа объектлари, ҳарбий аэродромларга берилаётганини иддао қилмоқда.
Украина нашрлари хабарларига кўра, Россия қўшинлари Харков ҳудудида Украина чегарасини кесиб ўтган. Шунингдек, Мариупол ва Одессага Россия десантлари ташлангани айтилмоқда.
«Президент Путин аввалдан режалаштирилган уруш йўлини танлади, бу уруш кўплаб қурбонларга ва инсонлар азиятларига сабаб бўлади. Бу урушдаги барча талафотлар учун фақат Россия масъулдир. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари якдиллик ва қатъийлик билан жавоб қайтаради. Жаҳон ҳамжамияти Россияни жавобгарликка тортади», деб баёнот берди Байден.
Европа Иттифоқи бир неча соат ичида аъзо давлатлар лидерлари йиғилиши ўтказилишини ва Россияга қарши фавқулодда санкциялар жорий этилишини билдирди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Украинага «мулоҳазасиз ва ҳеч бир провокация бўлмаган ҳолда қилган ҳужуми»ни кескин қоралади. У Россияни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ҳамда Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирган.
Санкцияларни кучайтириш режалари ҳақида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам маълум қилди. У 24 февраль куни Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқотида «президент Путин украин халқига қарши ўз кампаниясини олиб бораётган пайтда Ғарб қўл қовуштириб турмаслиги»ни, Украинага кўмак кўрсатишда давом этишини билдирган.
Хитой ТИВ вакили эса расмий Пекин Россиянинг Украинага қарши амалиётини «тажовуз» деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Шунингдек, Чехия бош вазир Петр Фиала Россиянинг хатти-ҳаракатларини «северен давлатга қарши ўринсиз агрессия акти» деб атади. «Уруш биз тан олишимиз мумкин бўлганидан ҳам яқинроқ. Биз Украина дастакларкан, ўз мамлакатимизни ҳимоя қиламиз», деди Чехия ички ишлар вазири Вит Ракушан.
Россияга хайрихоҳлиги айтиладиган президент Милош Земан ҳозирча изоҳ берганича йўқ.
Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто уруш — энг ёмон сценарий эканини айтди, бироқ Россияни тўғридан-тўғри қоралашдан ўзини тийди. Умуман, юқори мартабали венгер мулозимларидан ҳозирча ҳеч бири қораловчи мазмунда баёнот бергани йўқ. Виктор Орбан бугун ЕИ лидерларининг шошилинч саммитида қатнашиш учун Брюсселга келади.
Полшада Украинадан қочиб келаётган одамларни қабул қилиш учун махсус жойлар ташкил этилмоқда, қочқинлар овқат, тиббий ёрдам ва зарур ахборот билан таъминланади. Аввалроқ Полша НАТОдан аъзо мамлакатлардан бирига таҳдид бўлган пайтда шошилинч маслаҳатлар олиш имконини берувчи 4-моддани фаоллаштиришни илтимос қилган эди.
Латвия ҳам НАТОга айни илтимос билан чиқди ва Россияни «Украина суверенитетига, унинг халқи ва демократиясига қарши ҳарбий тажовуз»ни тўхтатишга чақирди.
Литваэса фавқулодда ҳолат тартибини жорий этди.
Молдова фавқулодда ҳолат тартибини жорий этмоқда ва, президент Майя Сандуга кўра, Украинадан ўн минглаб одамни қабул қилишга тайёр. Молдова ОАВлари хабар беришича, мамлакатнинг Украина билан чегарасида ўнлаб автомобиллар тўпланиб турибди.
Руминия ОАВ хабарларига кўра, мамлакат украин қочқинларини қабул қилишни бошлаган. ОАВлар, маҳаллий ҳукумат идораларига ҳавола берган ҳолда, сўнгги кунларда Украинадан 300 га яқин киши келгани ҳақида ёзмоқда. Президент Клаус Йоханнис аввалроқ Россиянинг хатти-ҳаракатларини «халқаро қонунчиликнинг, Украина суверенитети ва яхлитлигининг қўпол равишда бузилиши» деб атаган эди. Болгария ташқи ишлар вазири Теодора Генчовска ҳам ўхшаш мазмунда баёнот берди.
Россиянинг Донбассдаги ҳарбий амалиёти бошланиши манзарасида котировкалар энг қуйи даража тушиб кетгани ортидан Москва биржаси барча бозорларда савдо тўхтатилгани ҳақида маълум қилди.
24 февраль тонгидан эътиборан Россиянинг барча ширкатлари акциялари шитоб билан арзонлаб бормоқда. Москва биржаси индекси 11 фоизга қулаган. Олди-сотти жараёнида катта саросима кузатилмоқда. Инвесторлар Украинага бостириб кирилган тақдирда, Россияга нисбатан Ғарб ваъда қилган янги кескин санкциялар жорий этилишидан хавфсирамоқда. АҚШ доллари пайшанба тонгидан буён қарийб 3 рублга қимматлаб, 84 рублга чиқиб кетди. Бу яна инфляция даражасининг ошишига сабаб бўлмаслиги мумкин эмас. Ўз навбатида, мазкур ҳолат аҳоли даромадларида салбий акс этади.






