Туркия ҳукуматининг таклифига биноан 2022-йил 10-13-март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган Дипломатик форум ишида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
“Афғонистон: янги воқеликларга қандай муносабатда бўлиш керак?” панел сессиясида сўзга чиққан Вазир қўшни Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўърсатиш, гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида Афғонистонда йирик инфратузилма лойиҳалари амалга ошириш борасидаги мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари ҳақида форум иштирокчиларига маълумот берди.
Халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонни иқтисодий тиклаш, минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш бўйича фаол чоралар кўриши зарурлиги таъкидланди.
Форум доирасида “Янги Осиё: барқарор минтақавий ўсиш учун” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Абдулазиз Камилов асосий устувор йўналиши Марказий Осиё этиб белгиланган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ва эришилган натижалари тўғрисида маълумот берди.
Вазир халқаро ва минтақавий миқёсда кузатилаётган сиёсий-дипломатик тенденциялар ҳақида гапирар экан, фақат оқилона муросага асосланган дипломатия барча томонлар манфаатларини бирдек қаноатлантириши мумкинлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон ҳам Марказий Осиё давлатлари, ҳам Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор экани ҳақида маълум қилинган.






