Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари ўртасидаги музокаралар натижасида икки давлат ҳарбий хизматчиларига қурол ишлатиш тақиқланди, фақатгина томонларнинг қонун ҳужжатлари талабларида назарда тутилган ҳолларда ўт очиш мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таяниб «24.kg» ёзади.
Хабарда айтилишича, томонлар чегара хавфсизлигини таъминлаш бўйича турли масалаларни кўриб чиққан, аммо биргаликда қўриқланадиган чегара ҳудудида нохуш ҳодисалар сонининг кўпайишига алоҳида эътибор қаратган. Икки давлат чегара вакиллари чегаранинг мувофиқлаштирилмаган участкалари билан боғлиқ муаммоларни қайд этган.
Учрашув якунлари бўйича қуйидаги келишувларга эришилди:
- икки давлатнинг чегарадош ҳудудларида нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган ўзаро ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича ҳукуматлараро келишув ҳамда протоколларни амалга ошириш бўйича қатъий чоралар кўриш зарур;
- икки республиканинг чегара вакиллари ҳарбий хизматчилар ўртасида чегарада кўнгилсиз воқеалар содир бўлган тақдирда провокацияларга берилмаслик, чегарадаги вазиятнинг кескинлашувига ҳисса қўшаётган шахсларнинг бузғунчи ҳаракатларига қатъий чек қўйиш шартлигини таъкидлаган ҳолда тушунтириш ишларини олиб бориши керак;
- зиддиятли вазиятларни олдиндан кўра билиш ва олдини олиш учун томонларнинг чегара вакиллари доимий равишда мавжуд вазият тўғрисида маълумот алмашиши керак;
- икки давлат ҳарбий хизматчиларига қурол ишлатиш тақиқланади, ҳар икки томон қонун ҳужжатлари талабларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- қирғиз-тожик чегарасидаги барча ҳарбий хизматчилар чегара қўшинларининг ўзини тутиш талабларига қатъий риоя қилиши шарт.
Музокаралар 12 март куни «Гулистон автомобиль йўли» назорат-ўтказиш пунктида бўлиб ўтган.






