Украинада бошланган уруш оқибатида 3,7 миллион украиналиклар мамлакатни тарк этган, бироқ 13 миллионга яқини уруш зоналарида қолиб кетган ва отишма остида қолиш хавфи бор. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бўйича бошқармаси вакили Каролина Линдхольм Биллин маълум қилди.
“Ўтган бир ой бизни саккиз йил аввалгидан кўра узоқроқ ўтмишга ташлади. Биз ҳар сонияда кучайиб бораётган йирик гуманитар инқирозга дуч келмоқдамиз”, дейди Биллинг.
Жаҳон озиқ-овқат дастури уруш бошланганидан бир ой ўтиб, украиналикларнинг 45 фоизи озиқ-овқат етишмаслигидан хавотирда эканини маълум қилди. Озиқ-овқат етишмовчилиги бугунги Украинада хавфсизлик ва ёнилғи тақчиллиги билан бирга энг долзарб учта муаммодан бири бўлиб турибди.





