Sevimli

"Дарвозам олдида йигирма-ўттизта машина мени кутиб турган пайтлар ҳам бўлган..." – Ғиёс Бойтоев

МАДАНИЯТ 30.03.2022, 15:12
"Дарвозам олдида йигирма-ўттизта машина мени кутиб турган пайтлар ҳам бўлган..." – Ғиёс Бойтоев

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоевнинг қўшиқлари дилга яқин. Гарчи ҳамон клипсиз тақдим этилаётган бўлса-да, мухлислар қалбига йўл топишда давом этмоқда. Бу санъаткорнинг ўзига хос иқтидори, йўналиши ва тинимсиз меҳнатларининг мевасидир. 

— Cанъаткор сифатида клип­ларга муносабатингиз қандай?

— Яхши. Клип шеър ва мусиқа билан уйғунлашиб, қўшиқнинг даражасини янада баландларга кўтариши керак. Агар фақат чиройли қиз билан йигитнинг қўл ушлашиб юришидан иборат бўладиган бўлса, қўшиқнинг савияси ҳам тушиб кетади. Афсуски бугунги кунда  шу тариқа суратга олинган енгил-елпи клиплар “клип” деган атаманинг ҳам обрўсини тушириб юборяпти.  

— Агар клип суратга олишга қарор қилсангиз, қайси қўшиғингизга  олган бўлардингиз?

— Бир пайтлар “Онам йиғлар” қўшиғимга клип олмоқчи бўлгандик. Ўтириб яхшилаб ўйлаб чиқсак, кино бўлиб кетадигандай. Кейин маслаҳатлашиб “Биз нечун учрашдик қирқдан ошганда” қўшиғимни танладик. Унинг ҳам сценарийси шунақанги кенгайиб кетдики, нақ “кино” дейсиз. Шунда мен, клип қиламан деб, зўр қўшиқнинг ҳам обрўсини тушириб юбориш ҳеч гап эмаслигини тушуниб етганман.  

— Оналар ҳақидаги қўшиқларингизни дилдан куйлагансиз. Шунинг учун ҳам уларнинг умри узоқ бўлди...

— Бир пайтлар айтган “Онам йиғлар” қўшиғимни мухлислар ҳалигача эслашади. Онанинг фарзанд доғида куйиши, албатта, аянчли ҳолат. Аммо, ҳаёт фақатгина шодликлардан иборат эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Унинг ғамли, аччиқ кунлари ҳам кўп. Илоҳим, ҳеч бир онанинг кўнг­лини бундай ғам эгалламасин! Бутун дунё оналарининг қалбидаги яхши ниятлари ижобатини берсин. “Онаси бор одамлар, ҳеч қачон қаримайди” қўшиғим  барча оналарга бағишланган. Уни кўзларида ёш билан тинглайдиган инсонларни кўп кузатганман. Оналаримизни мадҳ этган бундай қўшиқларни қанча  куйласак, шунча кам...

— Болалигим-пошшолигим, дейишади. Ўша кунларни қандай воқеалар билан эслайсиз?

— Болаликда жудаям шўх бўлганман. Техникага, транспортга ўч эдим, “велосипед олиб беринг”, деб уйдагиларни ҳоли-жонларига қўймасдим. Акамнинг мотоцикллари бўларди, шуни миниб, ҳар жойларга уравериб йўқ қилганман. Қариндошлар келишса, машиналарига чиқиб олиб соатлаб ўтиришдан зерикмасдим. У пайтлар машиналар кам, йўлдан бир кунда битта машина ўтиб қолса, катта гап эди-да.

— Илк бора саҳнага чиққан кунингиз  ёдингиздами?

— Болаликдан созандаликка қизиқардим. Аваз акам уйдан чиқишлари билан  мен  рубобларини чалиб, опаларим қарсак чалиб  ўйнаганларида саккиз яшар бола эдим. Бу қизиқишимни кўрган акам аккордеон олиб берганди. Ўшандан кейин жамоа хўжалигимизнинг ансамблида қатнашиб, аккордеон чала бошлаганман. Шунда ашулани хиргойи қилганим магнитофонга ёзилиб қолган экан, “Концертда айта оласанми?” деб сўрашган. Мен мардлик қилиб “Айтаман” деб юборганман.                                                                                                                                      Шу сўзим сабаб биринчи марта саҳнага чиққанман. Ўшанда томошабинларга юзма-юз туриб қўшиқ айтган ҳолатимни ҳеч қачон унутолмасам керак. Қўшиқ айтяпман-у, оёқ-қўлим қотиб қолаётганидан қўрқиб кетганман. Худди нафас ололмай қолгандай бўлганман. Хаёлимга қўшиқ айтишнинг ҳам ўзига яраша сири бор экан-да, деган фикр келган...

— Юлдузлик онларидан олган сабоқларингиз?

— Мухлислардан  кўплаб мактублар олардим. Агар ҳаммаси тўпланса, бир катта сандиқ тўларди. Аммо бирортасига ҳам жавоб ёзмаганман. Жиянларим, “биз жавоб ёзсак, майлими?” дейишарди. Рухсат берардим.  Ярим тун, баъзида тонгга яқин хизматлардан ҳориб-чарчаб уйга қайтганимда, эшигимиз тагида турган машиналарни кўриб, “Уйимизда тинчликмикан?” деб қўрқиб кетардим. Бу мени кўргани, тўйга айтгани келган одамлар бўларди. Ҳатто йигирма-ўттизта машиналар қаторлашиб турган пайтлар ҳам бўлган. Буни қарангки, ота-онам раҳматли ўша келган одамларнинг ҳаммасини дастурхон ёзиб, меҳмон қилишарди. Уларни қийнаб қўяётганимни кўрганимдан кейин “Йўқ, мен Тошкентда яшамасам бўлмас экан...” деганман. Халқимизда “Мевали дарахтга тош отилади”, деган гап бор. Чиндан ҳам меваси эъзозлаб териладиям, тош отиб тушириладиям. Машҳурликнинг озорларини чеккан пайтларимиз ҳам кўп бўлган...

— “Биз нечук учрашдик қирқдан ошганда” қўшиғингизнинг тарихини айтиб беринг. Мухлислар уни ўз ҳаётингиздан олинган, деб ўйлашаркан...

— Санъаткорнинг  қайси қўшиғи таъсирли чиққан бўлса, тингловчининг юрагига етиб борса, “Шу қўшиғи зўр чиқибди, хонанданинг ўз ҳаётидан олинган бўлса керак”, деб ўйлашади. Абдуҳошим акамиз бўлардилар, вафот этиб кетганлар. У киши ўзлари санъаткор бўлсалар-да, менга мухлис эдилар. Бир куни “Ғиёс, неча ёшга кирдинг?” деб савол бериб қолдилар. “Қирқдан ошдим” дея жавоб қайтардим. “Зўр шеър бор” дедилар-да, телефон рақамимни ёзиб олдилар. Мен шеърни телефон орқали ёзиб олдим. “Қаердан олдингиз?” деб сўрасам, “Бозорда бир бола берди” дедилар. Мен шеърни қўшиқ  қилиб, концертда айтдим, аммо шеър муаллифи кимлигини билолмадик. Бир куни тўйда шоир Маҳмуд Тоир “Шеърни яхши қўшиқ қилибсиз”, дедилар. Мен хижолат бўлиб, шеър муаллифи эканлар-да, деб ўйладим. Кейин Маҳмуд Тоирнинг китобини олиб, шу шеър ҳам борлигини кўрдим. Бу шоирга ҳурматим баланд. Баъзида “Шошилиб, шоир кутгандек оҳангга сололмагандирман”, деб ҳам хижолат тортаман. Лекин тингловчилар яхши қабул қилишганидан хурсандман.

— Ғиёс Бойтоев ҳаётда ҳам худди саҳнадагидек оғир-босиқ табиатлими ёки бу кўриниш саҳна имиджими?

— Ўзи ҳаётда тили ҳам, дили ҳам бир одамларни ҳурмат қиламан. Ҳаётдаям оғир-босиқман. Арзимаган нарсага асабийлашиб кетадиган одатим йўқ. Биров билан тортишиб, айтган гапимни ўтказаман, деб оёқ тираб туриб олишлардан нариман. Ҳатто биров қилган ёмонликни ҳам тезда унутиб юбораман. Кимгадир озгина қаттиқ гапириб қў­йиб ҳам,  бундан афсус чеккан пайтларим кўп бўлади.                                                                                                        “Нега шу одамнинг кўнг­лини оғритдим-а?” деб ўйлаб юраман. Фар­­занд тарбияси нозик масала, керак пайтда қаттиқ­қўл­лик қил­масангиз бўл­майди. Кези келганда, болаларгаям қаттиқ гапириб, ўзим қийналиб юраман.    

Сиз қандай табиатли одамларга тоқат қилолмайсиз?

— Инсонларга озор бериш жуда ёмон одат. Баъзи одамлар ҳақида олдида яхши гапириб, нари кетиши биланоқ орқасидан ёмон гапиришади. Шундай кишиларни ҳурмат қилмайман.

Мен ҳақимда олдимда ҳам, орқамдан ҳам фақат яхши гапириш­ларини истайман. Шунга яраша ўзим ҳам бировнинг ортидан ёмон гапирмасликка ҳаракат қиламан…  

Журналистларнинг сизга ёқмайдиган саволлари?

— Оилам ҳақидаги саволларини ёқтирмайман. Мухлисларимизга санъаткор ҳақидаги барча маълумотлар қизиқ эканлигини тушунаман. Биз ҳам ҳамма қатори одаммиз, ҳамма қатори яшаймиз. Халқимиз донолик билан “Жўжани кузда санаймиз”, деб қў­йибди. Шундай бўлгандан кейин мен ҳали ҳеч нимага эришмаган фарзандларим ҳақида нима де­йишим мумкин. Ҳамма ота-оналар қатори яхши орзу-ниятлар билан фарзанд катта қиляпман. Аммо ҳозирча гапиришга арзийдиган бир иш қилиб улгурганлари йўқ. Эл корига ярайдиган, юртга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб етишишсин. Ана ўшанда тарбия­миз мевасини кўриб, гапирсак арзийди. Мухлисларга бир янгиликни айтиб қўймоқчиман, насиб этса 2023 йилда бўладиган концерт дастуримга тайёргарлик ишларини бошлаганмиз. Янги альбомга янги қўшиқлар қаторида улар севган қўшиқларимизнинг қайта ишланган вариантини ёзиб киритяпмиз.

Ҳаёт сизга нималарни ўргатди?

— Санъатда яхши қўшиқ рек­ламага муҳтож эмаслигининг исботини кўп маротаба кўрдим. Қалбга яқин қўшиқни мухлис керак бўлса ўзи қидириб топиб эшитади. Қолаверса, қалбга яқин қўшиқнинг умри узоқ бўлишиям ҳақиқат. Унга фалон миллионлаб пул сарфлашгаям ҳожат йўқ.

Ҳаёт эса менга самимийлик, камтарлик хислатлари одамни ҳурматга, иззатга лойиқ қилишини ўргатди. Пулга сотиб олинган ҳурматнинг умри қисқа эканлигини англадим.  

  Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди

Шарҳлар