1

Омбудсман тақдимномаси асосида саккиз нафар масъул шахс эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди

ЖАМИЯТ 04.04.2022, 19:15
Омбудсман тақдимномаси асосида саккиз нафар масъул шахс эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди

Омбудсманга ҳуқуқини тиклашни сўраб мурожаат қилган фуқаролар фойдасига суд қарорларига кўра 210,8 миллион сўм зарар ундирилди.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 14 фуқарога уй-жой ажратилди. Тадбиркорларга 145 миллион сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак берилди. 

Судларга иш  ҳақини ундиришга қаратилган кўплаб даъво аризалари киритилди. 62 нафар фуқарога 787,8 миллион сўм иш  ҳақи тўланиши таъминланди.  

10 нафар фуқаро ишга тикланди, 5 нафар фуқарога иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун соғлигига етказилган 9,2 миллион сўмлик зарар ундирилди. Фуқароларга 148 миллион  сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар бўйича ўтказилган брифингда шу каби маълумотлар берилди.  

Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимова Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан ўтган йилда жами 18 минг 738 мурожаат келиб тушганини қайд этди.  

Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида ваколат доирасида 11 минг 257 мурожаат ўз иш юритувига олинган.  

Энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳисобига тўғри келган.   

Мурожаатларда энг кўп кўтарилган масалалар – фуқароларнинг шахсий мулкка бўлган ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўлди. Ижтимоий имтиёз ва нафақалар, моддий ёрдам олиш, инсонпарварлик актини татбиқ этиш, суд-тергов жараёнлари, фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш кабилар ҳам мурожаатларнинг салмоқли қисмини ташкил этган.   

Давлат органлари ва ташкилотлари ва судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 14 тақдимнома, 36 хулоса, 44 даъво аризаси киритилган.  

Тақдимномалар вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган мажлисларида муҳокама қилиниб, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ижро интизоми талабларини бузган ва ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган 82 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан”, 9 нафар ходимга нисбатан “жарима” интизомий жазо чораси қўлланилган. 8 нафар ходим эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган.   

Омбудсманнинг таъсир чораларини қўллаш ва уларнинг самарадорлигига эришиш даражаси 2,4 баробарга ошган. Жисмоний шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатлари масаласида Омбудсман илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига кўриб чиқиш учун битта масала киритди. 

Шунингдек, Омбудсман ходимлари судларда кузатувчи сифатида 108 маротаба иштирок этган. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга юборилган шахсий ҳуқуқлар ва эркинликларга оид мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 21  жиноий ва маъмурий ва 9 интизомий иш қўзғатилди.   

Мурожаат қилувчилар устидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 29 қарор бекор қилинди. Масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 25 та текширув ўтказилди.   

Омбудсман мурожаатидан сўнг суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 6 та протест киритилган.  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1