1

Конституциявий комиссиянинг асосий вазифалари белгиланди

ЖАМИЯТ 26.05.2022, 12:28
Конституциявий комиссиянинг асосий вазифалари белгиланди

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди.

Айни пайтда Конституциявий комиссия ўзининг биринчи ташкилий йиғилишини ўтказмоқда. Бу ҳақда Комиссиянинг матбуот котиби этиб Одилжон Тожиев хабар бермоқда.   

Маълум қилинишича, йиғилишда қуйидаги 4 та масала кўриб чиқилиши белгиланган:

1. Конституциявий комиссия ишини ташкил этиш, унинг ҳузуридаги Таклифлар билан ишлаш гуруҳи ҳамда Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи таркиби ва уларнинг вазифалари тақсимоти тасдиқлаш;

2. Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган таклифларни олиш, умумлаштириш ва уларга жавоб қайтариш бўйича ишни ташкил этиш тартиби белгилаш;

3. Комиссия Матбуот хизматининг таркиби ва медиа-режаси маъқуллаш;

4. Конституциявий комиссияга келиб тушган дастлабки таклифлар бўйича Йиғма-ахборот таҳлил гуруҳи ахборотини тинглаш.

Шунингдек, Конституциявий комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Биринчи вазифа: Таклифларни тўплаш, умумлаштириш, шакллантириш асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонун лойиҳасини тайёрлаш;

Иккинчи вазифа: Давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, экспертлик хулосалари, статистик маълумотлар ва бошқа ахборотларни сўраб олиш;

Учинчи вазифа: Илмий-тадқиқот муассасалари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари юзасидан тавсияларини, шунингдек, экспертлар хулосаларини олиш;

Тўртинчи вазифа: Конституциявий комиссиянинг ишига давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар вакилларини экспертлар сифатида жалб қилиш;

Бешинчи вазифа: Зарурат туғилганда, манфаатдор давлат органлари ва нодавлат ташкилотларга ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун тақдим қилинган таклифларга асосан, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

Олтинчи вазифа: Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар бузилиши ҳақида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юбориш.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1